Навоийда Nexia уриб кетган эр-хотин вафот этди
Навоийда инсонлар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ЙТҲда ҳалок бўлган эр-хотиннинг яқинлари маълум қилди, деб хабар берди Kun.uz.
Уларга кўра, ҳолат 2025 йил 1 январ куни соат 18:30 лар атрофида Қизилтепа туманининг Ўртақўрғон маҳалласи ҳудудида содир бўлган. С. исмли ҳайдовчи маҳалланинг Янгиланиш кўчаси бўйлаб ўтган йўлда Nexia машинасини бошқариб кетаётиб, 1971 йилда туғилган Н.Я. ҳамда унинг 1976 йилда туғилган турмуш ўртоғи Н.У.ни уриб кетган.
ЙТҲ оқибатида эр-хотин оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Уларнинг 3 фарзанди бўлган.
Марҳумларнинг яқинлари ҳолат юзасидан тегишли органларнинг ҳаракати суст бўлаётганлигидан норози.
“Ҳайдовчи маст ҳолатда бўлган. Қолаверса, машинани катта тезликда бошқарган. Шунингдек, ҳолат содир бўлганида биринчи ёрдам кўрсатмаган.
ЙТҲ содир бўлганига 3 кун бўлди. Бироқ ҳозирча ҳеч қайси орган ходими марҳумларнинг оиласидан хабар олиб, фарзандларига кўрилаётган иш юзасидан тушунтириш бермади. Нима бўлаётганидан хабаримиз йўқ. Балки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгандир. Тўғриси, иш “ёпди-ёпди” қилиб юборилишидан хавотирдамиз”, дейди марҳумларнинг Kun.uz журналисти билан гаплашган яқини.
Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганми ёки йўқ, маълум эмас. Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳозирча ҳолат юзасидан муносабат билдирмади.