Австриянинг янги канцлери келаси ҳафтадан лавозимга киришади

Австриянинг янги канцлери келаси ҳафтадан лавозимга киришади

Австрия ҳукуматининг янги канцлери кейинги ҳафта ўз мажбуриятларини бажаришга киришади. Бу ҳақда республика президенти Александр Ван дер Беллен маълум қилди.

«Карл Нехаммер ўз лавозимини тарк этганидан кейин Австрия ўтиш даврида янги канцлерга эга бўлади, у кейинги ҳафтадан мажбуриятларини бажаришга киришади», — дейди давлат раҳбари.

Александр Ван дер Беллен янги канцлер номзодига оид бирор қўшимча маълумотни ошкор қилмаган.

Президент 6 январ куни парламент сайловларида ғалаба қозонган Австрия озодлик партияси раҳбари Герберт Кикл билан учрашиб «вазият ўзгарганини» муҳокама қилади.

Австрия канцлери Карл Нехаммер коалицион ҳукумат тузиш борасидаги музокаралар барбод бўлиши ортидан истеъфога чиқишини маълум қилганди. “Биз узоқ ва ҳалол музокаралар олиб бордик. Социал-демократлар билан муҳим масалалар бўйича келишувга эришиб бўлмади. Халқ партияси ўз ваъдаларига содиқ қолади: биз иш самарадорлиги ва тадбиркорликка путур етказувчи чораларга, хусусан янги солиқлар жорий этилишига қаршимиз. Шу сабабдан ҳам социал-демократлар билан музокараларни якунладик ва давом эттирмаймиз”, – деган Карл Нехаммер шанба кунги баёнотида.

Австрия халқ партияси етакчиси Карл Нехаммер 2021 йил декабрда мамлакат канцлери лавозимини бажаришга киришган эди. Ўшанда мамлакат федерал президенти Александр Ван дер Беллен бунгача ички ишлар вазири лавозимини эгаллаган Нехаммердан қасамёд қабул қилганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: