Деми Мур 45 йиллик фаолияти давомида илк марта нуфузли мукофот — “Олтин глобус”ни қўлга киритди

Деми Мур 45 йиллик фаолияти давомида илк марта нуфузли мукофот — “Олтин глобус”ни қўлга киритди

2025 йил 5 январдан 6 январга ўтар кечаси Калифорниядаги The Beverly Hilton меҳмонхонасида 82-сонли “Олтин глобус” мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Йилнинг биринчи совринининг кутилмаган натижалари кўпчиликни ажаблантирди.

Жумладан, актриса Деми Мур “Субстанция” фильмидаги роли учун “Мюзикл ёки комедиядаги энг яхши рол” номинациясида ғолиб деб топилди. Бу ғалаба унинг 45 йиллик фаолиятидаги биринчи эътиборга лойиқ мукофот бўлди. Тақдирлаш маросимида актриса кинодаги фаолияти бир марта бўлса ҳам эътироф этилишига ҳеч қачон ишонмаганини ва мукофотни кутмаганини тан олди.

Мен бирор номинацияда ғалаба қозонишни умуман кутмагандим. Ҳозирда шунчаки шок ҳолатидаман, зеро 45 йилдан ортиқ вақт давомида саҳнада ишлаб келмоқдаман. Ва ниҳоят, бугун биринчи марта ғалаба қозондим. Мен ҳакамлар ҳайъатига чуқур миннатдорлигимни билдираман, деди Деми Мур.

Актрисанинг ўзига бўлган ишончсизлиги 30 йил аввал бошланган: продюсерлардан бири унинг камерадаги роли фақатгина енгил-елпи фильмлар учун мос эканлигини айтгач, актрисанинг кинода муваффақият қозонишга бўлган умиди сўнган. Ҳатто Мур шоу-бизнесни тарк этишни ҳам режалаштирган, аммо бу фикридан қайтган:

Ажойиб кунларнинг бирида “Субстанция” номли янги фильм сценарийсини қўлимга олдим ва таслим бўлишга ҳали эрта эканини англаб етдим, дея қўшимча қилди актриса.

Мур маросим бўлиб ўтаётган залга яқин жойлашган меҳмонхонадан пиёда келганини айтиб, Лос Анжелес тирбандлигидан қочганини айтиб кулди.

Лойиҳалар орасида “Бруталист” ва “Эмилия Перес” фильмлари энг кўп эътироф ва мукофотга сазовор бўлди. Ҳар бир номинацияда қайси лойиҳа ғолиб бўлганини шу ерда билиб олишингиз мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: