Ўзбекистонда 2025 йили Аи-80 бензини сотуви чекланиши мумкин
Президентнинг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Унда таъкидланишича, 2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида қуйидаги йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади:
– асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар;
– тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари;
– самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш;
– қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;
– хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.
Шунингдек, 2025 йил якунига қадар “Евро – 4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш чекланиши мумкин.
Шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланиши кутилмоқда. Бундан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда авариявий ёқилғи сифатида фойдаланиш ҳолатлари мустаснолиги айтилган.
2024 йилнинг 29 январь куни ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан Аи-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича топшириқ берганди. 2025 йилга бориб Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида Аи-80 ишлаб чиқарилиши тўхтатилса, 2026 йилга бориб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи тўлиғича сифатлироқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ўтказилиши маълум қилинган эди.