Telegram фойдаланувчилар маълумотларини АҚШга оммавий тарзда бера бошлади
2024 йилда Telegram мессенжери АҚШ ҳукуматига 2253 нафар фойдаланувчи ҳақидаги маълумотларни тақдим этиб, 900 та сўровни бажарди. Бу ҳақда 404 Mediа сайти Telegram Transparency Reports боти маълумотларига таяниб хабар берди.
Ўтган йилнинг 1 январидан 30 сентябригача Telegram АҚШдан келган “IP-манзиллар ва/ёки телефон рақамлари” бўйича атиги 14 та сўровни бажаргани ва ушбу сўровлар жами 108 нафар фойдаланувчига тааллуқли бўлганини ҳисобга олсак, бу 2024 йил август ойида Францияда мессенжер асосчиси Павел Дуров ҳибсга олингандан кейин тақдим этилган маълумотлар миқдорининг кескин ошганини кўрсатади, дея таъкидлайди 404 Меdia.
The Moscow Times нашри ва компания ҳисоботига кўра, Россиядан келган сўровлар бўйича бот 30 сентябрдан кейин маълумот бермаган, 2024 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ҳам Telegram Россиядан ҳеч қандай сўровни бажармаган.
Telegram махфийлик сиёсатининг ўзгариши
Bleeping Computer манбасининг таъкидлашича, Ғарб давлатлари мессенжерга фойдаланувчи маълумотларига оид сиёсатни ўзгартириш учун босим ўтказгунга қадар Telegram фойдаланувчиларнинг IP манзиллари ва телефон рақамларини фақат терроризм ҳолатларида ошкор қилган.
Бироқ кейинчалик Telegram’нинг махфийлик сиёсати ўзгартирилди ва Дуров фойдаланувчиларнинг маълумотларини кибержиноятчилик, ноқонуний товарларни сотиш ва онлайн фирибгарлик каби жиноятлар учун ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига беришга ваъда берди.
“Агар Telegram тегишли суд органларидан компания хизматларини тақдим этиш шартларини бузадиган жиноий фаолиятда гумонланаётганингизни тасдиқловчи ҳақиқий ордерни олса, биз сўровнинг юридик таҳлилини амалга оширамиз ва сизнинг IP манзилингиз ҳамда телефон рақамингизни тегишли органларга ошкор қилишимиз мумкин”, дейилади янги таҳрирдаги қоидаларда.
Дуровнинг ҳибсга олиниши
Telegram асосчиси 24 август куни Озарбайжондан Парижга шахсий самолётида борганда Ле Бурже аэропортида қўлга олинди. У француз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан Telegram’да кибер ва молиявий жиноятлар масалаларида ҳамкорлик қилишдан бош тортганликда айбланди.
Париж суди уни платформага алоқадор аввал эълон қилинган 12 та ҳуқуқбузарликдан 6 тасида, жумладан, ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишда, болалар порнографиясини тарқатишда, наркотрафикда иштирок этишда, шунингдек, уюшган гуруҳ таркибидаги фирибгарликда айблади. 29 август куни у 5 миллион евро миқдорида гаров тўлаш, ҳафтада икки марта полиция участкасига келиш, Францияни тарк этмаслик шарти билан озод қилинди.