Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” футболчисига айланди
Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га ўтиши аниқ бўлди, деб ёзди таниқли инсайдер Фабрицио Романо ўзининг Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
“Манчестер Сити” декабрь ойи охирида “Лансс” билан музокараларни бошлаганди ва бугун келишувга эришди”, деб ёзди Романо.
“Шаҳарликлар” 20 ёшли ўзбекистонлик ҳимоячи учун Франциянинг “Ланс” клубига 40 млн евро тўлайди. Бундан ташқари бонуслар ҳам мавжуд.
Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси яқин кунларда тиббий кўрикдан ўтади ва АПЛ клуби билан 2029 йил июнига қадар мўлжалланган шартнома имзолайди. Келишувда яна бир йил узайтириш имконияти мавжуд бўлади.
Шу тариқа Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер Лигасида ўйнайдиган биринчи ўзбек футболчисига айланади. Англиянинг юқори дивизионида футболчилари ўйнаган давлатлар сони эса 119 тага етади.
Маълумот учун, “Ланс” Ҳусановни 2023 йил июль ойида “Энергетик-БГУ”дан 100 минг еврога сотиб олганди.
Ҳусанов Франция клуби сафида 31 та ўйинда майдонга тушиб, бир марта голли узатма амалга оширди. Унинг француз клуби билан тузган шартномаси 2027 йилнинг июнига қадар амал қилади.
Transfermarkt маълумотига кўра, унинг бозор қиймати 12 миллион еврога баҳоланган.