Трампнинг инаугурацияси олдидан Москва ва Теҳрон муҳим шартнома имзолайди
17-январ, жума куни Россия президенти Владимир Путин Россияга расмий ташриф билан келадиган Эрон президенти Масуд Пезешкян билан музокаралар ўтказади, деб хабар қилди Кремл матбуот хизмати.
“Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-инвестицион, транспорт-логистика ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда”, — дейилади хабарда.
Музокаралар якунида Путин ва Пезешкиан Россия ва Эрон ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолайди, шунингдек, ОАВга баёнотлар беради, деб хабар қилди матбуот хизмати.
Эроннинг Россия Федерациясидаги элчиси Козим Жалолийнинг айтишича, Москва ва Теҳрон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларини қамраб олади ва ҳужжат 47 моддадан иборат.
«Биз лойиҳани тайёрлаб, Россия томонига топширдик. Бу жараён тахминан икки ярим-уч йил давом этди, кўплаб учрашув ва муҳокамалар ўтказилди, кўп ўзгартиришлар киритилди ва ниҳоят келишувга эришилди,» – деди дипломат IRNA агентлигига берган интервьюсида.
Таъкидлаш жоизки, Россия ва Эрон АҚШ сайланган президенти Доналд Трампнинг инаугурацияси арафасида ҳар икки давлат учун муҳим бўлган ҳужжатни имзолайди. Трамп эса Эрон билан уруш ва Ислом Республикасининг ядровий иншоотларига ҳужумларни истисно қилмайди.