Исроилликлар Ғазоликларга азоб беришни кучайтирмоқчи
Исроил молия вазири ва ўнг қанотдаги «Диний сионизм» партияси раҳбари Бетсалел Смотрич Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги тинчлик келишувини «ёмон ва хавфли» деб баҳолади ҳамда ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилиш учун уруш қайта бошланиши шарти билангина ўз фракцияси ҳукуматда қолишини маълум қилди. Бу ҳақда «Meduza» хабар бермоқда.
Смотричнинг фикрича, бу битим Исроил давлатининг миллий хавфсизлигига таҳдид солади, чунки у «ҳар бир олиб қочилган асирнинг қайтиши билан боғлиқ қувонч ва ҳаяжон билан бир қаторда» Исроил аскарлари ҳалок бўлган урушда эришилган кўплаб ютуқларни йўққа чиқаради.
У сўнгги икки кун ичида мамлакат Бош вазири Бинямин Нетаняху билан бу масала юзасидан «кескин музокаралар» олиб бораётганини қўшимча қилди.
«Ediot Ahronot» маълумотларига кўра, Смотричнинг Нетаняху билан учрашувидан «аниқ натижа чиқмаган», ундан сўнг молия вазири ўз партияси вакилларидан интервью бермасликни ва учрашув мазмуни ҳақида гапирмасликни сўраган.
Смотрич билан бир қаторда, ҲАМАСга қарши тинчлик битимига Исроилнинг ўта ўнг қанотдаги диний миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам қатъий қарши чиқиб, битимни «даҳшатли» деб атади. У сўнгги бир йил ичида сиёсий иттифоқчилари билан биргаликда «бу битимнинг амалга оширилишини кетма-кет тўхтатишга эришганини» айтди ва «дўсти» Смотрични унга қўшилишга ҳамда агар битим имзоланса, улар биргаликда ҳукуматдан кетиши ҳақида Бош вазирга таҳдид қилишга чақирди. Нетаняху ҳукуматида тинчлик битими бўйича овоз бериш ўтказилиши керак, аммо ҳозирча бу амалга ошмаган.