Ғазони тиклаш учун қанча пул керак?

Ғазони тиклаш учун қанча пул керак?

Исроил ва ХАМАС ўртасидаги сулҳдан сўнг халқаро ҳамжамият олдида мисли кўрилмаган вазифа турибди: вайрон бўлган Ғазони қайта тиклаш. 15 ойлик жанглар давомида Исроил зарбалари минглаб уйлар, шифохоналар, мактаблар ва асосий инфратузилмаларни вайрон қилди. БМТ маълумотларига кўра, 157 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ёки яраланган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

УНОСАТ маълумотларига кўра, Ғазодаги барча биноларнинг учдан икки қисми зарар кўрган, 52 мингдан ортиғи бутунлай вайрон бўлган. Анклавнинг шимолий қисмида уй-жой фондининг 82 фоизи вайрон бўлган, қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси эса 80-96 фоизга шикастланган, бу эса тикланишни янада қийинлаштирган.

БМТ ва БМТТДнинг молиявий ҳисоб-китоблари шуни кўрсатадики, тикланиш учун камида 40 миллиард доллар керак бўлади, дастлабки 3-5 йил асосий инфратузилмани тиклашга сарфланади. Исроил блокадаси ва қурилиш материаллари импортига чекловлар туфайли жараён ўнлаб йилларга чўзилиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек, портламаган ўқ-дорилар муаммосини эслатади – УНМАС маълумотларига кўра, Ғазода тахминан 7,5 минг тонна портловчи моддалар қолмоқда, бу эса аҳолининг хавфсиз қайтишини ўта хавфли қилади.

Бундан ташқари, анклав ҳудудида 42 миллион тонна қурилиш чиқиндилари тўпланган, уларни тозалаш зарур.

Мутахассисларнинг қайд этишича, Ғазони реконструкция қилишда маҳаллий аҳоли ҳуқуқлари инобатга олиниши, жараёнга эса фаластинликларнинг ўзлари раҳбарлик қилиши керак. Халқаро ҳамжамият бу жараённи қайси давлатлар назорат қилишини ҳамон муҳокама қилмоқда, бироқ Ғазонинг келажаги қандай бўлиши ва унинг маданий ўзига хослиги қандай бўлиши асосий савол бўлиб қолмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: