Қарздор ота 180 миллион сўм алимент тўлади

МИБ Сариосиё туман бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига кўра туманда яшовчи С. Боҳодировдан ўн икки ва ўн беш ёшдаги икки қиз фарзанди учун тегишли суд қарори асосида 2022 йилдан алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати иш юритувга қабул қилингач, алимент тўловчи отанинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланиб, алимент тўловларини ўз вақтида тўлаб бориши ҳақида огоҳлантирилган. У давлат ижрочиларига мурожаат этиб, алимент тўловларини турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда олдиндан тўлаб беришга аҳд қилганини маълум қилди. Шунга мувофиқ давлат ижрочиси М.Тоғаев оила вакилларининг мурожаатига асосан вояга етмаган фарзандларининг 18 ёшгача бўлган алимент миқдорини олдиндан ҳисоблаб бергач, С. Баҳодиров 180 миллион сўм алиментни нақд пул шаклида тўлиқ тўлаб берди.

– Турмуш ўртоғим билан оиламизни сақлаб қололмадик, – дейди С. Баҳодиров. – Шу боис ҳам меҳрибон ва бегуноҳ қизларим кўзига тик қарай олмаяпман. Шундай бўлса-да, имкониятим борида уларга моддий кўмак беришга ҳаракат қиламан. Фарзандларим балоғат ёшига яқинлашиб қолди. Улар биздан кўра бахтли яшашларини истайман.

Шу куни ҳужжатлар нотариал тартибда расмийлаштирилгач, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилиниб, ижро ҳужжати ундирувчининг аризасига асосан иш юритувдан тугатилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: