Москва Буюк Британия-Украина денгиз келишувидан ташвишда

Москва Буюк Британия-Украина денгиз келишувидан ташвишда

Шу ҳафта Украина ва Буюк Британия ўртасида имзоланган хавфсизлик шартномаси, айниқса Азов денгизига оид қисм, Кремлнинг кескин эътирозига сабаб бўлди.

«Бу Россиянинг ички денгизи. У ерда Украина ва Буюк Британиянинг биргаликдаги фаолияти ҳақида сўз юритиш мумкин эмас,» – деди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия кучлари Қрим ярим оролининг шарқида жойлашган Азов денгизининг бутун қирғоқ чизиғини назорат қилади ва Москва Украинанинг тегишли ҳудудларини ўзига қўшиб олган.

Украина президенти Володимир Зеленский ва Буюк Британия бош вазири Кей Стармер пайшанба куни имзоланган шартномада ўз ҳарби-денгиз кучлари ўртасидаги ҳамкорликни келишиб олди.

Шартномада айтилишича, Буюк Британия «Болтиқ денгизи, Қора денгиз ва Азов денгизи хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда Россиянинг давом этаётган тажовузини бартараф этиш учун янги доирада денгиз хавфсизлиги бўйича ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш» мақсадида Украинага ҳарбий-денгиз флотини ривожлантиришда кўмаклашади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: