Жанубий Корея полициясига президент маъмуриятида тинтув ўтказишга рухсат берилмади
Жанубий Корея полицияси лавозимидан четлаштирилган президент Юн Сок Ёлнинг Давлат хавфсизлик хизмати идорасига яна ташриф буюрди. Бу сафар улар ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ исён иши бўйича тинтув ўтказишни мақсад қилган.
Мазкур идора президент маъмурияти мажмуасида жойлашган. Ҳуқуқ-тартибот органлари давлат раҳбарининг Самчхондон туманидаги яширин қароргоҳидан видеокузатув камераларининг ёзувларини олиб қўйишни режалаштирмоқда.
Yonhap нашрининг хабар қилишича, видеокузатув камераларидаги ёзувларни сақлаш учун серверлар Президент Хавфсизлик хизмати идорасида жойлашган. Бу серверлар тергов учун зарур, чунки Самчхондондаги уйда, тахминларга кўра, Юн Сок Ёл 3 декабрь куни ҳарбий ҳолат эълон қилинишидан уч соат олдин миллий ва пойтахт полицияси бошлиқлари билан учрашган. Полиция ўша куни президент ҳузурига яна кимлар кирганини аниқлаш ниятида.
Нашр маълумотларига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати “ҳарбий сир ёки махфий ҳукумат маълумотлари сақланадиган жойларда тинтув ўтказиш учун ваколатли органларнинг розилиги талаб этилади” деган талабни рўкач қилиб, полициячиларга киришни рад этган. 11 декабрь куни полиция президент маъмуриятида тинтув ўтказишга уринган, аммо яна рад жавобини олган.
19 январь куни Сеулнинг Ғарбий округ суди импичмент натижасида лавозимидан четлатилган Юн Сок Ёлни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Унинг ўн минглаб тарафдорлари норозилик белгиси сифатида суд биносига бостириб киришди. Суднинг таъкидлашича, у қамоқхонадан ташқарида бўлса, исён ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш бўйича айбловлар билан боғлиқ далилларни йўқ қилиши мумкин. Шунга қарамай, Юн Сок Ёл ҳамон сўроққа келиш талабларини эътиборсиз қолдирмоқда.
Декабрь ойи бошида Жанубий Корея президенти мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга муваффақиятсиз уриниб кўрди, шундан сўнг парламент уни исён кўтаришга уринганликда айблаб, давлат раҳбарига импичмент эълон қилди.
Юн 14 декабрдан (парламент унинг импичменти учун овоз берганидан) президентлик лавозимидан четлаштирилган, аммо уни лавозимидан четлаштириш учун импичмент Конституциявий суд томонидан маъқулланган бўлиши керак. Суд қарор чиқармагунча, Юн Сок Ёл расман президент бўлиб қолади.
Юннинг ўзи декабрнинг биринчи ярмидаёқ қўзғолонга уриниш айбловларини рад этиб, ҳарбий ҳолат жорий этилиши “сиёсий жиҳатдан тасдиқланган қарор” эканини айтган. У давлатни фалаж қилган мухолифатдан ҳимоя қилиш учун шундай қарор қабул қилганди.