Омбудсман: «2024 йилда кредит расмийлаштиришга оид фирибгарлик ҳолатлари 42 фоизга ошган»

Омбудсман: «2024 йилда кредит расмийлаштиришга оид фирибгарлик ҳолатлари 42 фоизга ошган»

2024 йилда Омбудсманга фуқаролардан иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 9 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари асосида турли тижорат банкларидан кредит ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. 2023 йилда шундай мурожаатлар сони 110 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 42 фоизга ошган.

Мурожаатларнинг 60 фоизида ўзини «Click» компанияси ёки Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда, онлайн кредитлар расмийлаштирган. Айрим ҳолатларда эса бир шахс номига 5-6 та тижорат банкларидан кредитлар расмийлаштирилган.

Ушбу мурожаатлар юзасидан Ички ишлар органлари терговчилари томонидан тижорат банкларига ушбу фуқаролар кредит маблағларидан ўзлари фойдаланмаганлиги ҳамда фуқаровий даъвогар деб топилганлиги, шунингдек, айбдор шахслар топилгунига қадар кредит қарздорлиги ҳамда унга фоизлар ҳисоблашни тўхтатиб туриш юзасидан топшириқлар юборилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 36-моддасида терговчининг ўз юритувидаги иш бўйича қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва қарорлари барча корхоналар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий экани белгиланган. Лекин шунга қарамай, банклар томонидан фирибгарлик натижасида алданган фуқаролардан кредитни тўлаш талаб қилиб келинмоқда.

Омбудсман томонидан ушбу йўналишдаги мурожаатлар бўйича фуқаролар манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича судларга 5 та даъво аризаси киритилиб, банклар билан тузилган кредит шартномалари ҳақиқий эмас деб топилди. 1 нафар фуқаро номига олинган кредит маблағлари унинг фойдасига қайтарилиб, маънавий зарар ундирилишига эришилди.

Мазкур соҳадаги муаммолар билан боғлиқ мурожаатларнинг ўсишига асосан аҳолининг эҳтиётсизлиги, ахборот хавфсизлиги ва иқтисодий билимларининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда.

Соҳадаги ижобий ютуқлардан бири шуки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга онлайн кредит ажратиш жараёнида банк карталари билан боғлиқ шубҳали фрод операцияларининг олдини олишга қаратилган вақтинчалик тартиб жорий қилди. Мазкур тартиб 2024 йил 1 ноябридан 2025 йил 1 апрелига қадар амал қилиши белгиланди.

Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.

Бир нарсани ёдда тутиш зарурки, ахборот технологиялари ривожланган сари, янгидан-янги алдов ва фириб бериш усуллари ҳам ўйлаб топилмоқда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва фирибгарлик ҳолатларидан сақланиш учун қуйидаги тавсияларга риоя қилиш тавсия этилади:

Паспорт маълумотлари, банк карталари рақами ва ПИН-код каби шахсий маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилманг.
Шахсий маълумотларингизни ижтимоий тармоқларда ёки номаълум шахсларга юборишдан сақланинг.
Телефонга келган тасдиқлов кодлари, пароллар ёки банк иловаларига кириш маълумотларини ҳеч кимга айтманг.
Ижтимоий тармоқлар ёки электрон почта орқали келган нотаниш файллар, ҳужжатлар ёки ҳаволаларни юклаб олманг. Улар вирус ёки зарарли дастур бўлиши мумкин.
Нотаниш рақамлар, хусусан чет эл рақамларидан келган қўнғироқлар ва видеоқўнғироқларга жавоб берманг.
Агар кимдир ўзини банк ходими ёки бошқа ташкилот вакили сифатида таништирса, уларнинг шахсини тасдиқлаш учун расмий каналлар орқали маълумот олинг.
Огоҳ ва эҳтиёткор бўлиш орқали фирибгарлардан сақланишингиз мумкин. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятидир!

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари

бўйича вакили (омбудсман)

Дўстларингизга ҳам юборинг: