Каппадокия ҳақида қизиқарли фактлар
Каппадокия марказий Онадўли минтақасида жойлашган, табиий гўзалликлари ва тарихий бинолари, қоялари билан машҳур ҳудуддир. Каппадокиянинг тарихи милоддан аввалги 3000 йилларга бориб тақалади. Маълум бўлишича, одамларининг илк манзилгоҳи палеолит даврига тўғри келади. Хетлар, фригияликлар, оссурияликлар, форслар, византияликлар, римликлар ва 1072 йилдан кейин турк қабилалари каби кўплаб цивилизацияларга мезбонлик қилган. Каппадокия жуда қадимий ва чуқур тарихга эга.
Каппадокияда юзлаб ер ости шаҳарлари мавжуд
Каппадокия 200 га яқин ер ости шаҳарлари жойлашган ҳудудлардан биридир. Турли ўлчамдаги ер ости шаҳарларининг айримлари 30 минг кишини сиғдира олади. Каппадокия ҳудуди ўтмишда тез-тез ҳужумларга дучор бўлганлиги сабабли, хавф-хатар пайтида аҳолини хавфсиз бошпана билан таъминлаш мақсадида ер ости шаҳарлари қурилган.
Каппадокияда 600 га яқин черков мавжуд
Ҳудудда ўрта асрларга оид қояларга ўйиб қурилган 600 га яқин черков бор. Деворлари ёзув ва суратларга тўла бу черковлар турли мавжудотлардан қўрқиб, ҳимояланишни истаган қишлоқ аҳолиси томонидан қурилган, деган фикрлар бор. Бундан ташқари, ҳали ҳам топилмаган кўплаб черковлар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Каппадокия 5 та шаҳарни ўз ичига олади
Каппадокия ҳақидаги яна бир ҳақиқат шундаки, ҳудуд 5 шаҳарни ўз ичига олиб, 5 минг километр майдонни эгаллайди. Каппадокия ҳудуди деганда Невшеҳир, Аксарай, Кайсери, Ниғде ва Киршеҳир вилоятларидан ташкил топган географик ҳудуд тушунилади. Ер ости шаҳарлари ва ўтиш йўлаклари бу шаҳарларни бир-бири билан боғлайди.
Анабасис – Каппадокиядаги энг қадимги ёзма манба
Каппадокия ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин бўлган энг қадимги ёзма манба Ксенофоннинг “Анабасис” номли китобидир. Китобдаги маълумотга кўра, Форс шоҳи Кир қўл остидаги юнонлар ер ости шаҳарлари Каймакли ва Деринкуюда тунаб қолган. Бу маълумотлар ер ости шаҳрини қурганлар Рим зулмидан қочган насронийлар эмаслигини билдиради. Китобда ер ости шаҳарлари улардан ҳам олдин мавжуд бўлганлиги ва улардан бошпана сифатида фойдаланганликлари қайд этилган.