Исроил Ливан ҳудудига ҳаво зарбаларини берди
Исроил армияси Ливан шарқидаги Беқа водийсида «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳаво ҳужумлари амалга оширгани ҳақида хабар берди. AFP агентлиги маълумотига кўра, зарбалар ер ости ҳарбий инфратузилмаси ва қурол ташиш йўлларига қаратилган.
Исроил ҳарбийлари «Ҳизбуллоҳ» қурол ишлаб чиқариш ва сақлаш учун фойдаланган объектлар, шунингдек, Суриядан Ливанга қурол олиб ўтишда ишлатилган чегара объектлари йўқ қилинганини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, «Ҳизбуллоҳ» разведкасига тегишли учувчисиз аппарат Исроил осмонида аниқлангани ҳам ушбу операция сабабларидан бири сифатида кўрсатилмоқда. Исроил қўмондонлиги “армия террорчилик таҳдидларига йўл қўймаслиги ва хавфсизлик чораларини кучайтиришини” билдирди.
«Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг ушбу ҳаракатини олдинги сулҳ келишувини бузиш деб баҳолади. 26 январь куни Исроил қўшинлари Ливан ҳудудидан чиқиши керак эди, бироқ бу муддатга риоя қилинмаган. Тел-Авив эса Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий инфратузилмаси йўқ қилиниши кераклигини ва бу талаб бажарилмагунча амалга оширилаётган операциялар тўхтамаслигини маълум қилди.
Ливандаги кескинлик минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Айни пайтда халқаро ҳамжамият томонлардан сулҳ битимига риоя қилишни талаб қилмоқда.