Туркиянинг муҳташам саройлари

Туркиянинг муҳташам саройлари

Шундай иншоотлар борки, инсонларни нафақат ўзининг улуғворлиги билан ҳайратга солади, балки тарихнинг чанг-тўзонли саҳифаларига узоқ ва чуқур саёҳатга олиб чиқади. Туркиянинг машҳур саройлари айнан шундай! Қудрат, ғалаба ва нафосатнинг ўзига хос бирлигини акс эттирган қадимий саройлар Туркиянинг чуқур илдиз отган ўтмишига нур сочади. Бугунги кунда саройларнинг аксарияти Истанбулда жойлашган.

Долмабаҳче саройи

Долмабаҳче саройи ўзининг улуғворлиги билан Туркиядаги машҳур саройлар рўйхатида биринчи ўринда туради ва 1843 йилда қурилиши бошланиб, 1856 йилда фойдаланишга очилган. Султон Абдулмажид томонидан француз барокко услубида қурилган ушбу сарой Усмонийлар даврининг энг шонли йилларини акс эттиради.

Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк Истанбулга қилган сафарлари давомида Долмабаҳче саройида истиқомат қилган. У 1938 йил 10 ноябрда саройнинг 71 хонасида вафот этган. Долмабаҳче саройи Туркиядаги моноблокли энг катта сарой сифатида ҳам ажралиб туради.

Исъҳоқ пошо саройи

Ағрининг Доғубаязит туманида жойлашган Исъҳоқ пошо саройи бугунги кунда шаҳарнинг энг машҳур биноларидан биридир. Қурилиши 99 йил давом этгани учун шуҳрати бутун дунёга таралган Исъҳоқ пошо саройи тарих ва меъморчиликнинг энг бебаҳо намунасини тақдим этади. Сарой Усмонийлар тарихидаги Лола даврининг ҳаётини очиб бериш билан бир қаторда дунёнинг биринчи марказий иситиш биноси сифатида маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг эътиборида.

Топкапи саройи

Туркия деганда биринчи бўлиб кўз ўнгимизда гавдаланадиган саройлардан бири албатта Топкапидир. Усмонийлар даврининг куч-қудрати ва ҳашаматини акс эттириш билан бирга бетакрор Истанбул манзарасининг тўлиқ кўринишини тақдим этади. Маълумки, саройни Фотиҳ Маҳмуд Султон Истанбулни забт этгандан кейин қурдирган. Топкапи саройи қурилишида Мимар Синан, Ажем Али, Саркис Балян, Довуд оға каби буюк меъморларнинг меҳнати сингган. Бугунги кунда бино 80 минг квадрат метр майдонни эгаллайди ва тўртта ҳовлиси, ҳарами ва иккита асосий қисми билан дунёдаги энг катта саройлардан биридир.

Бейлербейи саройи

Истанбулдаги саройлар орасида ўзининг мафтункор гўзаллиги билан ажралиб турадиган Бейлербейи саройи Усмонийлар империясининг сўнгги давридаги қудрати ва нафислигини акс эттиради. Усмонли султони Абдулазизнинг илтимоси билан даврнинг машҳур меъмори Саркис Балян томонидан қурилган сарой ўтмишда кўплаб учрашув ва келишувларга мезбонлик қилган. Ўша даврларда меҳмонхона сифатида фойдаланилган Бейлербейи саройи тез-тез чет элдан келган дипломатларни қабул қиларди. Барокко, уйғониш ва Шарқ-Ғарб меъморчилиги изларини ўзида мужассам этган сарой барчани мафтун қилмоқда.

Чираған саройи

Истанбулга ҳеч қачон ташриф буюрмаганларга ҳам номи таниш бўлган Чираған саройи ўз обрўсига лойиқ ноёб архитектурага эга. Босфор соҳилида жойлашган сарой Лола даврининг энг муҳим иншооти сифатида ажралиб туради. Исмини форсча “нурга тўла” маъносини англатувчи “чераğ” сўзидан олган. Сарой Шарқ меъморчилиги ва Шимолий Африка ислом архитектурасининг ноёб намуналаридан бири бўлиб, бугунги кунда меҳмонхона ва тадбирлар майдони вазифасини ўтамоқда.

Кучуксу қасри

Авлиё Чалабий ўз саёҳатномасида юқори баҳолаган Гўксудаги Кучуксу қасри Туркиядаги миллий саройлар орасида жуда машҳур. Босфор бўғозида жойлашган ва бетакрор манзарага эга Кучуксу қасри 1983 йилдан бери музей-сарой сифатида хизмат қилмоқда. Сарой уч қаватдан иборат. Кучуксу қасри Туркиянинг энг нодир саройларидан бири бўлиб, ғарб услубидаги нақшлари ва нозик ишланган безаклари билан зиёратчиларни лол қолдирмоқда.

Иҳламур қасри

Иҳламур қасри боғидаги магнолия дарахтлари билан Истанбулда баҳорни энг чиройли кутиб оладиган сарой бўлиб, у 1985 йилдан бери музей-сарой сифатида зиёратчиларни қабул қилмоқда. Иҳламур қасри султон Абдулмажиднинг буйруғи билан даврнинг машҳур меъмори Никогос Балян томонидан қурилган. Сарой ўзининг ажойиб ички ва ташқи дизайни билан кўрганларни ҳайратга солади. Саройнинг ички безакларида ғарбга хос мебель ва қопламалар эътиборни тортса, бинонинг асосан Усмонли меъморчилиги услубида қурилгани кўриниб туради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: