Тайвандаги савдо марказида портлаш юз берди
![](https://hordiq.uz/wp-content/uploads/2025/02/rmneqlk9arjqeeq.jpeg)
Тайвандаги савдо марказида газ портлаши оқибатида камида беш киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳатланди. Бу ҳақда расмийларга таяниб, CNN хабар берди.
Ҳодиса 13 февраль куни Тайчжун шаҳрида юз берган. Ёнғин хавфсизлиги агентлиги портлаш савдо марказининг 12-қаватида содир бўлганини айтмоқда. Мазкур қаватда озиқ-овқат корти учун қурилиш ишлари олиб борилаётганди.
Портлаш оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлган, яна 20 киши жароҳат олган. Бино ва ҳудуддан 235 га яқин одам эвакуация қилинган. Видеода ойна панеллари пастдаги тротуар ва йўлларга тушгани, у ерда машиналар тирбандликда экани, 12-қаватдан тутун кўтарилаётгани акс этган.
Савдо маркази ичидан олинган бошқа кадрларда портлаш оқибатида деворлар шикастлангани, синган қувурлардан сув отилиб чиқаётгани кўрсатилган.
Тайван президенти Лай Синдзе бир қатор давлат идоралари, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этилганини айтди. Президент ҳодиса сабабларини имкон қадар тезроқ текширишни талаб қилди ва аҳолига воқеа жойига яқинлашмаслик ҳақида мурожаат қилди.