АҚШ Ўзбекистон фуқароларини Панамага депорт қилди

АҚШ депортацияни тезлаштириш ва юзага келаётган қийинчиликларнинг олдини олиш учун Осиёдаги қатор давлатлар фуқароларини Панамага депорт қила бошлади. The New York Times нашрига кўра, улар асосан давлати қабул қилишни истамаган муҳожирлар ҳисобланади.
Маълум бўлишича, Панамага биринчи самолёт Калифорнияда ҳавога кўтарилган. Мигрантлар ичида Хитой, Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Панамага депортация давлат котиби Марко Рубионинг ўтган ҳафта Панамага амалга оширган ташрифи ҳамда Трампнинг канални олиб қўйиш таҳдидлари ортидан юз бермоқда, деб ёзади нашр.
Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдириб:
«Биз бу масалада АҚШ билан ҳамкорликда ишлаяпмиз, депортацияни тўғри амалга ошириш бўйича яқин алоқадамиз. Ҳозир Панамада фуқароларимиз борми, уларнинг сони қанчалигини аниқ билмаймиз. Агар бор бўлса, биз ҳеч шубҳасиз уларни қайтариш учун тўлиқ ёрдам берилади», деган.