«Арсенал» ҳалокатли аҳволда

«Арсенал» Премьер-лига ва Чемпионлар лигасида чемпионлик учун курашмоқда. Очиғини айтганда, Англия чемпионатида ғолиб бўлиш имконияти жуда паст (жамоа «Ливерпул»дан 7 очко ортда қолмоқда). Аммо, лондонликлар курашмоқда. Жамоа Чемпионлар лигасида бемалол узоққа бориши мумкин. Бироқ, Микел Артета жиддий муаммога дуч келди. Мавсумнинг энг муҳим палласида жамоа бир нечта асосий футболчиларидан айрилди. Дам олиш кунлари эса лондонликлар «Лестер» билан ўйнайди.
«Арсенал»нинг жароҳатлар рўйхатига бир нечта асосий футболчилар киритилган. Асосий йўқотиш қанот ҳимоячиси Букаё Сака. У март ойига қадар сон суягидаги жароҳат сабаб майдонга туша олмайди. Габриел Мартинелли ҳам шунга ўхшаш вазият. Шунингдек, тиззасидаги муаммолар туфайли ҳимоячилар Бен Уайт (кейинги ўйинларда қайтади) ва Такехиро Томиясу (қайтиш санаси номаълум) жамоага ёрдам беролмайди. Лекин, асосий муаммо шундаки, «Арсенал» марказий ҳужумчиларсиз қолмоқда. 2025 йил бошида жамоа Габриел Жезусдан айрилди. Бразилиялик футболчи Англия кубоги доирасида «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида (1:1, 3:5 пен.) жароҳат олганди. У жароҳатга қадар еттита учрашувда еттита гол урган.
«Арсенал» мухлисларини Жезуснинг жароҳати қишки трансфер ойнасида рўй бергани бироз тинчлантирди. Лондонликлар сафида марказий ҳужумчи позициясида ўйнай оладиган фақат битта футболчи қолганди – бу Кай Хавертс. Клуб 2025 йилнинг ёзида бу позицияга янги ўйинчи сотиб олишни мақсад қилган эди, аммо вазият уларни январ ойидаёқ вариантларни кўриб чиқишга мажбур қилди. Қисқа рўйхатга Александр Исак, Бенжамин Сеско, Душан Влаҳович, Олли Уоткинс ва Рандал Коло Муани киритилганди. Бироқ, уларнинг ҳеч бири Лондон клубига ўтмади. Исакни «Нюкасл» қўйиб юбормади, Влаҳовичга бўлган қизиқиш тезда совиди, Коло Муанини ҳам раҳбарият рад этди. «Лейпциг» бошқарув директори Марсел Шефер Сеско клубда қолишини айтди. Қолган охирги вариант Уоткинс эди, музокаралар трансфер ойнаси охиригача давом этди. Фабрицио Романонинг айтишича, «Арсенал» форвард учун 60 миллион фунт таклиф қилган, аммо жамоага рад жавоби берилган. 31 январ куни Артета клуб ҳали ҳам марказий ҳужумчи учун вариантларни ўрганаётганини айтди. Бироқ, трансфер ойнасининг сўнгги кунида инсайдер Орнштейн «Арсенал» янги ҳужумчи сотиб олмаслигини маълум қилди. Бу 2025 йилнинг ёзида амалга ошириладиган бўлди. Артета бунгача фақат Кай Хавертснинг хизматидан фойдаланадиган бўлди. Бироқ, 11 февраль куни Хавертс «Арсенал»нинг Дубайдаги йиғинида жароҳат олди. Хабарларга кўра, германиялик футболчининг сон суяги ёрилиши ташхиси қўйилган. У 2024/2025 йилги мавсум охиригача сафдан чиққан. Ҳозирги вазиятга қарамай, «Арсенал» янги футболчилар ҳақида ўйламаяпти. Романонинг айтишича, лондонликлар эркин агент бозорига кирмайди. Клуб Сака ва Мартинеллининг қайтишини кутмоқда ва ички захирага умид қилмоқда.
«Арсенал»да энди учта ҳужум позицияси учун учта вариант қолди: Рахим Стерлинг , Леандро Троссард ва 17 ёшли Этҳан Нванери. Улар орасида марказий ҳужумчи йўқ. Катта эҳтимол билан Артета бельгиялик футболчига ҳужум чизиғини ишониб топширади. Троссард сохта тўққизлик сифатида ўйнашга қодир. Стерлинг ва Нванери қанотларни фаоллаштириши мумкин.