“Россия деярли ҳар куни юз ёки ундан ортиқ дронлар билан ҳужум қилмоқда” — Зеленский
![](https://hordiq.uz/wp-content/uploads/2025/02/thumb-67b0697403675.jpg)
Украина президенти Владимир Зеленский Мюнхен конференциясининг асосий сессиясида нутқ сўзлади. Бу ҳақида BBC хабар берди.
“Россия деярли ҳар куни юз ёки ундан ортиқ дронлар билан ҳужум қилмоқда, улар мулоқотга тайёр эмас. Оддий ракета ҳужумлари ҳам амалга оширилмоқда, ҳаво ҳужумлари кўпаймоқда. Жорий йилда эса 15 та янги бўлинма ташкил этиш режалаштирилган. Путин буни молиявий жиҳатдан кўтара олади, чунки энергия ресурслари нархи анча юқори”, деди Зеленский.
Шунингдек, Украина президенти навбатдаги саммитни Киевда ўтказишни таклиф қилди.
“Биз 24 февралда, Россиянинг кенг миқёсли босқинининг уч йиллигида Киевда йиғилиш ўтказмоқчимиз. Барча Европа раҳбарларини бу йиғилишда қатнашишга чақириб қоламан. Бизнинг хавфсизлигимизни ҳимоя қиладиган барча асосий ҳамкорлар қатнашишини кутаман”, деди Зеленский.
“Ушбу учрашув бизнинг кейинги қадамларимиз – тинчлик, хавфсизлик кафолатлари ва жамоавий сиёсатимиз келажаги бўйича аниқ тасаввурни бериши керак”, дея қўшимча қилди у.
Зеленский аввалроқ Россия билан тинч йўл билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини маълум қилганди.
“Бироқ бунинг учун Украина ва унинг Вашингтон бошчилигидаги иттифоқчилари, аввало, бу музокараларда Киев ва Европа манфаатларини ҳурмат қилишни назарда тутувчи умумий режа ишлаб чиқиши керак”, деди Украина президенти.
Зеленскийнинг бу мулоҳазалари бир қатор европалик сиёсатчиларнинг Европа Қўшма Штатлар ва Россия ўртасидаги музокаралар жараёнидан четлаштирилиши мумкин, деган қўрқувига сабаб бўлмоқда.