Россия Google’га YouTube’да рус қўшинларига таслим бўлиш йўлларини кўрсатган видео учун жарима солди

Россия Google’га YouTube’да рус қўшинларига таслим бўлиш йўлларини кўрсатган видео учун жарима солди

Россия суди Alphabet компаниясига қарашли Google’га YouTube’да рус аскарларига таслим бўлиш усулларини ўргатувчи видеоларни жойлаштирганлик учун 3,8 миллион рубль (41 530 доллар) миқдорида жарима солди. Бу ҳақда душанба куни Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.

Россия бир неча йиллардан буён хорижий технология платформаларига ноқонуний деб ҳисоблайдиган контентни, жумладан Украинадаги уруш ҳақидаги «сохта» деб атаётган маълумотларни олиб ташлашни буюриб келмоқда. Ушбу буйруқларга риоя қилинмаган тақдирда, кичик, аммо мунтазам жарималар қўлламоқда.

Танқидчилар Россия ҳукуматини президент Владимир Путин ва унинг ҳукуматига нисбатан танқидий бўлган контентни россияликлар томонидан кўрилишига йўл қўймаслик мақсадида YouTube’нинг юклаб олиш тезлигини атайлаб пасайтиришда айблашмоқда.
Россия бу айбловларни рад этиб, муаммолар Google’нинг ўз ускуналарини янгиламаганлигидан келиб чиққанини таъкидламоқда. Бироқ, компания ва технология мутахассислари бу фикрга қўшилмаяпти.

Путин декабрь ойида Google’ни АҚШ ҳукумати сиёсий мақсадларга эришиш учун фойдаланаётган қурол сифатида айблов билан тилга олди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: