Андижонда ота фарзандлари учун 19 минг доллар алимент пули тўлади

Андижон туманида яшовчи ота фарзандлари моддий таъминоти учун 19 000 АҚШ доллари миқдорида алимент тўлаб берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди буйруғига асосан қарздор Т.И.дан ундирувчи М.И. фойдасига 4 нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Шунга мувофиқ, Бюронинг Андижон туман бўлими ходимлари тегишли ижро ҳаракатларини олиб борган ва қарздор шу кунга қадар алимент пулларини тўлаб келган.
Ижро ҳаракатлари давомида, тарафлар билан суҳбат жараёнида қарздор алимент тўловларини олдиндан тўлаб беришини маълум қилган. Ундирувчи аёл эса бунга хайрихоҳлик билдирган.
Тарафлар ўртасида келишувга эришилиб, ота фарзандлари вояга етгунга қадар бўлган алимент тўловлари учун олдиндан 19 000 АҚШ доллари, яъни қарийб 250 миллион сўм миқдоридаги пулларни ундирувчи М.И.га тақдим этди. Ундирувчи М.И. фарзандлари вояга етгунгача бўлган алимент пуллари ҳисобига ушбу пулларни қабул қилганлигини билдириб, ижро иши тамомланишини сўради.