Исроил суди 15 ёшли фаластинликни 18 йилга озодликдан маҳрум қилди

Исроил суди Шарқий Қуддус шимолидаги Шуафат қочқинлар лагеридан бўлган 15 ёшли Муҳаммад Басил Зелбанийни 18 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Фаластин Маҳбуслар Жамияти баёнотига кўра, Зелбаний ишғолга қаршилик кўрсатганликда айбланган. Шунингдек, суд унга 300 000 шекел (83 333 АҚШ доллари) миқдорида жарима тайинлаган.
Зелбаний 2023 йил 13 февралдан бери ҳибсда сақланган. Исроил ҳарбийлари унинг оиласи яшаган уйни бузиб ташлаган.
Суд ишғолга қарши курашни “жиноят” сифатида баҳолаб, фаластинлик ёшнинг озодлик ҳуқуқини рад этган.
Фаластин Маҳбуслар Жамияти маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда 14 500 фаластинлик қўлга олинган, улар орасида 1115 нафар бола ҳам бор.
Исроил кучлари томонидан амалга оширилаётган ҳибслар, рейдлар ва ҳужумлар сони кескин ошган.