Туркия 2025 йил Халқаро велоспорт мусобақаларига мезбонлик қилади

Туркия ўзининг ҳайратланарли манзаралари, бой ва ноёб қадимий мероси ва йил давомида велосипед ҳайдаш учун қулай иқлими туфайли бутун дунё бўйлаб ҳақиқий велосипедчилар учун жаннатмакон ўлка сифатида ажралиб туради. Туркия, шунингдек, профессионал ва ҳаваскор велоспорт мусобақалари учун энг муҳим манзил ҳисобланади. 11-12 октабр кунлари Истанбулда Tour de France томонидан Туркия Президентлиги велотуридан (27 апрель – 4 май) L’Etape Туркия турига қадар кўплаб велоспорт мусобақалари уюштирилмоқда.
Гран Фондо бу йил ҳаваскор велосипедчиларга ўзларини синаб кўриш учун Туркияда ташкил этилган яна бир велоспорт пойгасидир. Мусобақа доирасида йил давомида 13 вилоятда 16 та пойга ўтказилади. Туркиянинг денгиз бўйидаги мафтункор шаҳарчаси Кемер 18-19 апрель кунлари 13 та велосипед маршрути -бештаси йўл велосипедлари ва саккизтаси тоғ велосипедлари учун мўлжалланган Гран Фондо мусобақасига мезбонлик қилади.
Мусобақанинг илк пойгалари Эгей минтақасидаги Бодрум ва Фетҳие шаҳарларида ўтказилади. 5-6 апрель кунлари Бодрум Гран Фондо, 12-13 апрель кунлари Фетҳие Гран Фондо велоспорт мусобақалари бўлиб ўтади. Пойгалар 24-25 май кунлари Мармара минтақасининг тарих, бой ошхона маданияти ва табиат уйғунлашган Бурса шаҳрида давом этади.
Мусобақанинг Қора денгиздаги босқичи 17-18 май кунлари ажойиб табиат манзараларига эга замонавий, айни вақтда тарихий шаҳар Самсунда бошланади. Гран Фондо велосипедчиларни 14-15 июн кунлари эртаклар мамлакати Каппадокияга олиб боради. Каппадокия ўзининг бетакрор релефи, улкан қоя тошлари, қадимий ғор уйлари ва кенг водийлари билан велосипедчиларни мафтун этишига шак-шубҳа йўқ.
Трабзон 28-29 июн кунлари велосипедчиларни кутиб олади, у ерда велосипедчилар панорамик манзаралардан баҳраманд бўлиб, жонли қирғоқ бўйидаги шаҳар бўйлаб пойгани давом эттиришади. Анқара 23-24 август кунлари Гран Фондо мусобақасига мезбонлик қилади ва велосипедчиларга пойтахтнинг бой тарихи, диққатга сазовор жойлари ва жўшқин шаҳар атмосфераси билан танишиш имкониятини берса, Гран Фондо Зонгулдак эса 30-31 август кунлари иштирокчиларни муҳташам денгиз манзарали Зонгулдакнинг паст-баланд ва ям-яшил тепаликлари бўйлаб ҳаяжонли саёҳатга олиб боради. Қора денгиздаги Гран Фондо мусобақаси 13-14-сентябрь кунлари чой майдонлари, ажойиб шаршаралари ва машаққатли тоғ йўллари билан машҳур Ризеда тугайди.
Гран Фондо Айвалик 6-7 сентябрь кунлари бўлиб ўтади ва велосипедчилар бу тарихий шаҳарчанинг зайтун боғлари, қирғоқ қоялари ва тарихий кўчалари бўйлаб велосипедда пойга қилиш бахтига мушарраф бўлади. Велосипечилар 20-21 сентябрь кунлари Памуккаледа давом этадиган пойгада Денизлининг ажойиб оқ травертин тераслари ва қадимий Ҳиераполис шаҳри орқали ўтадиган манзилларида ноёб тажрибага эга бўладилар. 25-26 октябрь кунлари Гран Фондо Чешмеда эса Туркиянинг энг севимли қирғоқ шаҳарларидан бирида узумзор ва термал булоқлар бўйлаб сайр қилинади.
Гран Фондо пойгаси 6-9 ноябрь кунлари Анталияда давом этади, бу велосипедчиларга кузнинг мўътадил иқлимидан завқланиб, шаҳарнинг бетакрор манзараларини кашф қилиш имконини беради. Ниҳоят, пойга 22-23 ноябрь кунлари Эгей минтақасидаги Гран Фондо Измир тури билан якунланади ва велосипедчиларни жўшқин шаҳарнинг юрагидан гўзал қирғоқларигача унутилмас саёҳатга олиб боради.