Мьянмадаги вайронкор зилзила сабаблари маълум қилинди

Олимлар Мьянмада 28 март куни содир бўлган даҳшатли зилзила сабабларини таҳлил қилишди.
Сўнгги маълумотларга кўра, 3 мингдан ортиқ одам унинг қурбони бўлган. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, фалокатга тез ва узоқ масофада содир бўлган ноёб, ўта кучли зилзила сабаб бўлган.
Зилзила Бирма ва Зонд плиталари орасидаги йирик тектоник тузилма бўлган Сагаинг ёриғи ҳудудида содир бўлди.
Тадқиқот зилзила пайтида янги геологик ёриқ пайдо бўлганлигини кўрсатди. У сониясига 3 километр тезликда ҳаракатланиб, 400 километрга тарқалди. Ўта кучли зилзилаларда ёриқ у ҳосил қиладиган сейсмик тўлқинлардан тезроқ ҳаракат қилади. Бу сейсмик энергия концентрациясига олиб келади ва оддий зилзилаларга қараганда анча катта зарар келтиради.
Олимларнинг қайд этишича, бундай зилзилани товушдан тез учадиган реактив самолёт билан солиштириш мумкин. 7,7 магнитудали силкинишлар Сагаинг ёриғининг 200 километрлик қисмининг ёрилишига сабаб бўлган. Тектоник плиталарнинг ғайриоддий тез ҳаракатланиши зарарни янада кучайтирди ва зилзила эпимарказдан 1000 километрдан ортиқ масофада сезилди.
АҚШ Геологик хизмати маълумотларига кўра, Мьянмадаги зилзила ердан атиги 10 километр пастда содир бўлган.