Исроил ҳарбийлари Ғазода урушни тўхтатишни сўрамоқда

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг 950 нафар истеъфодаги учувчилари ва резервистлари Ғазо секторидаги жанг ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишни талаб қилиб, ҳукуматга очиқ хат йўллади.
Улар ушбу урушни сиёсий ва шахсий манфаатларга хизмат қилаётган, хавфсизлик масалаларига эса ечим бермаётган ҳаракат сифатида баҳолади. Хатда урушни давом эттириш гаровга олинганларни қайтаришга ёрдам бермаслиги, аксинча, кўпроқ қурбонлар ва ҳарбийларнинг руҳий ва жисмоний чарчашига олиб келаётгани таъкидланган.
«Ушбу ҳаракатлар ўзининг эълон қилинган мақсадларига эришмаяпти. Аксинча, тинч аҳолининг ўлими, ҳарбийлар орасидаги йўқотишлар ва гаровдагиларни қутқаришдаги муваффақиятсизликлар сони ортиб бормоқда», — дейилади мурожаатда.
Хат орқали ҳарбийлар Исроил ҳукуматини Ғазодаги операцияларни тўхтатиш ва гаровга олинганлар тақдирини дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирган.