Жанубий Кореяда метро туннели қурилишида ўпирилиш содир бўлди

Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинциясида метро туннели қурилишида қулаш содир бўлди, бир киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.
Аниқланишича, ҳодиса соат 15:13 да содир бўлган. Йўлнинг ер усти қисми қулаб тушди ва бунинг натижасида яқин атрофдаги бир нечта биноларга зарар етди.
Агентлик маълумотларига кўра, дастлаб объектда бўлган беш нафар ишчи билан алоқа узилган. Кейинроқ маълум бўлишича, улардан уч нафари хавфсиз жойда бўлган, яна бири билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлинган, бироқ у ер остида қолиб кетган. Агентликнинг маълум қилишича, экскаватор машинисти бедарак йўқолган.
Бундан ташқари, шаҳар маъмурияти қўшимча қулашлардан қўрқиб, атрофдаги аҳолини эвакуация қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди.
«Ҳозирда аҳоли маҳаллий мактабларга кўчирилмоқда,» – дея аниқлик киритди нашр.
Аввалроқ, шу куни қурилишда бир нечта таянчларда ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шу сабабли туннель ҳудудидаги олти қаторли йўлнинг бир километр қисмида автомобиллар ва пиёдалар ҳаракати тўлиқ тўхтатилди.
Кўчки содир бўлган вақтда Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ҳамда POSCO E&C қурилиш компанияси вакиллари ёриқларнинг пайдо бўлиш сабабларини аниқлаб, объектнинг хавфсизлиги бўйича текширувлар ўтказган.