Германия Россиянинг НАТОга ҳужум қилиш мақсади ҳақида қандай фикрда?

Германия Россиянинг НАТОга ҳужум қилиш мақсади ҳақида қандай фикрда?

Бундесвер бош инспектори Карстен Броер Welt нашрида берган интервьюсида таъкидлашича, Россия армияси шахсий таркиби ва қурол-яроғлари сонини шиддат билан оширмоқда. Бу Украинага қарши уруш эҳтиёжларидан анча ортиқ бўлиб, НАТОга таҳдид солиши мумкин.

Броернинг айтишича, келаси йили РФ қуролли кучлари икки бараварга кўпайиб, 1,5 миллион аскарни ташкил этади. «Биз ҳар йили 1500 га яқин жанговар танк қайта ишлаб чиқарилаётгани ёки омборлардан олиниб, таъмирланаётганини кузатмоқдамиз. Бу Украинага қарши уруш учун керакли миқдордан анча кўп. Бундан ташқари, омборлар ўқ-дорилар билан тўлдирилмоқда,» дея қайд этди Броер.

Унинг фикрига кўра, Россия «2029 йилда НАТО ҳудудига анъанавий қуроллар билан кенг кўламли ҳужум уюштиришга қодир бўлади.» Ҳарбий мутахассиснинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путиннинг мақсади НАТОни иттифоқ сифатида заифлаштириш ва йўқ қилиш, шунингдек, Ғарб жамият моделини обрўсизлантиришдан иборат.

Шу билан бирга, Броер янги президент Доналд Трамп даврида ҳам АҚШнинг НАТОга содиқлигига ишонишни давом этаётганини таъкидлади. «Ҳозирги пайтда менинг энг катта вазифам қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини тезкор таъминлашдир ва мен буни барча мавжуд воситалар ёрдамида амалга оширишим лозим. Албатта, аввало Германия ва Европада нималар борлигини кўриб чиқамиз. Агар у ерда керакли нарсалар топилмаса, вақт чекловларини ҳисобга олган ҳолда, имконият мавжуд бўлса, АҚШдан харид қилишга мажбур бўламиз. 2029 йил бизнинг мақсадли санамиз ва биз шу вақтга тайёр бўлишимиз шарт,» дея таъкидлади у.

Россия Болтиқбўйи мамлакатларига ҳужум қилган тақдирда АҚШга ишонч билдирасизми, деган саволга генерал: «Ҳа, албатта,» дея жавоб берди. У яқинда АҚШга ташриф буюрганини ва ҳамкасблари орасида НАТОдан узоқлашиш аломатларини сезмаганини айтди. «Мен НАТОга аъзо барча давлатларнинг штаб бошлиқлари бир-бирига яқинлашаётганини кузатдим. Улар ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилмоқда, олдинги йилларга нисбатан кўпроқ маслаҳатлашмоқда ва таҳлилий хулосалар алмашмоқда,» дея ишонч билан таъкидлади Броер.

Дўстларингизга ҳам юборинг: