Она юрт ҳимояси

Ёз фасли келди. Инсон умрининг баҳори ва ёзи жуда қайноқ бўлади ўзи. Юрак ҳам қафасидан чиққудай уради шу ёшда. Севги, садоқат, масъулият, Ватан қадри каби ҳислар инсонни кўпроқ чулғайди. Асосий вақтларини кимдир ўқиш учун, кимдир яхши иш учун, яна биров эса оиласига, Ватанига хизмат қилиш учун сарфлайди.
Мана, Улуғбек кутган кунлар ҳам келди. Энди у ҳам бошқалар каби хушманзара табиат қўйнига саёҳат қилади, ота-онасининг, жигарларининг дийдорига тўяди. Бахтли онлар яқин. Улуғбек бир неча соатлардан сўнг акаси Сардор билан кўришишга муяссар бўлади.
У Термиздаги шинамгина меҳмонхоналардан бирига жойлашди ва акасини кўриш учун йўлга отланди. Ярим йўлга борганда акаси учун олган совғасини меҳмонхонада қолдирганини пайқади ва ортга қайтди. Не кўз билан кўрсинки, меҳмонхона ташқарисида соч-соқоли ўсган, кўзлари қонсирагандек, қарашлари бежо бир киши айланиб юрган эди. Ёш курсант эмасми, дарров олдидаги хавфни пайқади, аммо қўрқмади. Тўғри у томонга юрди, рақибга тик қараб, мардонавор курашди. Душманни енгди, ўзидан бирор белги беришига имкон қолдирмади.
Уни бир ёқли қилгач, одамлар кўзидан йироққа яширди, дарҳол унинг кийимлари билан ниқобланиб, меҳмонхонага киришга қарор қилди. Улуғбек меҳмонхона қандайдир жиноий гуруҳ томонидан гаровга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин қилаётган эди. Шунинг учун акасини огоҳлантирмоқчи бўлди. Зудлик билан акаси Сардорга қўнғироқ қилиб, меҳмонхонанинг манзилини берди, бўлиши мумкин бўлган тахминларини айтиб огоҳлантирди ва ёрдам кучи сўради. Ташвишга тушган ака бу ҳолатда шошқалоқлик иш бермаслигини айтишга ҳам улгурмади: алоқа узилди. Улуғбек ёшига хос қизиққонлик билан ичкарига шошди. Вазият жиддий, душман у ўйлагандан ҳам кўпроқ экан. Ҳозиргина шу ердан ташқарига чиқди-ку, нега ҳушёр бўлмади, нега шошди, эгнидаги ҳарбийча либос масъулияти нега уни бир дам тарк этди? Шу саволлар миясида ғужғон ўйнарди, уни қийнарди. Асирга олинганлар орасида аёллар, ёш болалар ҳам бор. Уларнинг барчаси кўзларида ёш билан нажот кутарди. Улуғбекнинг душман қиёфасига киргани иш берди: ундан ҳеч ким шубҳаланмади. Йигит холис жой излай бошлади ва топди. Акасига қўнғироқ қилиб, паст овозда ичкаридаги аҳвол ҳақида хабар берди. Бу суҳбатни бехосдан эшитиб қолган бир террорчи “Сотқин” деб бақирди. Ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Қаердандир етиб келган террорчилар бошлиғи уларнинг икковига ҳам шубҳа билан қаради ва:
— Ҳозир ҳаммаси аён бўлади, — деди-да, одамларига ҳозиргина қўлга тушган ватанпарварларни олиб келишни буюрди. Улуғбек тутқунларни кўриб бош эгди, чунки улардан бири акаси эди. Демак, унинг қўнғироғидан сўнг ёрдамга шошилган акаси сафдошлари билан қўлга тушиб қолибди-да.
Бошлиқ террористга қараб, қуролни олиб, асирларнинг биринчисини отиб ташлашни буюрди. У эса ҳеч иккиланмай отди. Бошлиқ завқланиб кулди. Бу кулги Улуғбекнинг қалбида шунчалар кучли нафрат уйғотдики, у ёвнинг қувончини барбод қилиш учун ҳар нарсага тайёрлигини ич-ичидан ҳис қилди. Маккор ёв эса заҳархандалик билан Улуғбекка қурол тутқазиб, энди навбат уники эканлигини айтди. Йигит қўлига қуролни оларкан, бутун вужуди билан титради, гўёки бу матоҳ унинг ҳаётини барбод қиладигандек. Икки ўт орасида қолган бечора йигит ўйланиб қолди: “Олдимда икки йўл: ёки юртим олдидаги бурчимдан воз кечишим керак, ёки туғишган жигаримдан. Ватан муҳимми ёки жон? Она халқимни ўйлайми ё онаизоримни? Йўқ, мен бу муқаддас юртнинг посбониман, фақат ўзимни ўйласам, бу ердаги асирларни, қорачиқлари ёниб турган беғубор ёш қалбларни ким ўйлайди? Юртим, халқим учун бу мудҳиш синовдан ўтишим керак, бу беватанларни поймол қилиш учун ягона йўл шу! Лекин акам, жигарим…”
Укасининг ёш тўла кўзларидан, нигоҳларидан барчасини уққан Сардор ҳам Ватани учун қурбон бўлишга тайёр ҳолда укасига “мени от!” деган ишорани қилиб, бошини силкитди.
Ўқ овози эшитилди…
Сардор мамнун жилмайиб, ерга йиқилди. Шу пайт бутун бино ўраб олингани ҳақида тревога янгради. Етиб келган янги ёрдам кучлари душманнинг қалтис ҳаракатларига имкон қолдирмай, уларни қўлга олди. Улуғбек эса акасини қутқаришга шошди. Аллоҳнинг мўъжизаси билан ўқ Сардорнинг мард кўксини тешишга жасорат топа олмабди. Шукурлар бўлсинки, Улуғбек акасининг қотили ҳам бўлмади, юрти олдидаги бурчини ҳам адо этди.
Юртнинг ҳақиқий кучи фақат унинг тошларида ёки бойликларида эмас, балки уни асраб-авайлашни ўз ҳаёти деб билган инсонлардадир!
Ҳақиқий Ватан туйғуси ва севгиси уни ҳис қилган қалбларда яшайди!
Муқаддас юртнинг посбонлари Ватани учун жонини фидо қилиб бўлса ҳам уни ёв қўлига бериб қўймайди!
Агар инсонга мангу қорликлар Ватан қилиб берилса, уни севади, уни дейди. Ёинки саҳролар юрт қилиб берилса, уни ардоқлайди, бир қаричини ҳам бировга бермайди. Асл ватанпарварлик – бу жонинг эвазига бўлса-да, юртингни ёвга бериб қўймаслик ҳисобланади. Ҳақиқий Ватан туйғуси уни ҳис қилган қалбларда яшайди! Муқаддас юртнинг посбонлари Ватани учун жонини фидо қилиб бўлса ҳам, уни ёв қўлига бериб қўймайди! Чунки дунёда она юртни ҳимоя қилишдан ортиқ муқаддас бурч йўқдир.
Н.Р.Шукуруллаев,
Қуролли Кучлар Академияси курсанти