“Булар менинг Сайёрларим”

“Булар менинг Сайёрларим”

Ўтаётган ҳар бир кунимиз хотирага айланиб бормоқда. Кўз олдимизда юрган қанча яқинларимиз бу оламни тарк этмади, дейсиз. Яна 100 йилдан кейин бу мусаффо осмон остида бирортамиздан гард ҳам қолмайди. Тўрт кунлик ҳаётини бесамар ўтказаётган дўст-у биродарларимизни кўриб, кўнглим бир муддат хомуш тортади. Ёши бир жойга бориб қолган, тириклигидаёқ унутилиб бораётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Умрида бировга нафи тегмаган, йўлда ётган тошни у ердан бу ерга олмай, “Берсанг ейман, урсанг ўламан” деб яшаб ўтаётганлар ҳам бор. Одамнинг қанча яшагани эмас, қандай яшагани муҳим, деб бекорга айтишмаган ота-боболаримиз. Сизларга сўзлаб бермоқчи бўлган қаҳрамоним эса қисқа умри давомида ўзидан барҳаёт хотира қолдириб кетган.

 

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ватан ҳимояси йўлида мардларча жон берган аскарларимиз ёдини абадийлаштириш мақсадида юртимизда турли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи”нинг очилиши ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Яқинда нашрдан чиқиши кутилаётган “Аждодлар изидан” номли китоб ҳам жангларда мардонавор жон берган аскарларимиз ёдини абадийлаштиришга қўйилаётган катта қадамлардандир. Улар яшаган хонадонларга ташриф жараёнида кўнглимдан ўтган туйғулар, уларнинг доим қалбимизда барҳаёт экани, балки биздан кейин ҳам ёди тирик бўлишига ишонч берди.

Худди шундай хонадонлардан бири – марҳум лейтенант Сайёр Садинов яшаган ҳовли эътиборимни тортди. Сайёрнинг волидаси Розия онанинг сўзларини катта ҳаяжон билан тинглар эканман, қаҳрамонимизнинг болалигига қўшилиб бола, улғайганида эса дўст бўлиб ёнида юргандек ҳис қилдим ўзимни.

Розия она шундай ҳикоя қилади:

– Турмуш ўртоғимдан айрилганимдан сўнг болаларимнинг елкасига оила масъулияти жуда эрта тушди. Сайёрим барвақт улғайиб қолгандек туюларди ўзимга. Болалардек хархаша қилиб, ниманингдир устида йиғлаганини билмайман. Мактаб пайтлари ҳам доим синфдошларининг олди бўлиб юрарди, бирор марта бўлсинки, ортидан ёмон гап эшитган бўлсам. Ўзимнинг ҳам шу фарзандимни койиб, уришганим ёдимда йўқ. Мен иш билан саҳар кетиб, тун қайтардим. Келгунимча ҳамма ишларни жой-жойига қўйиб, укасига қараб ўтирарди. Катта одамлар билан суҳбатлашгандек гаплашардик. “Онажон, ҳали сизни дунёдаги энг бахтли она қиламан, ҳажларга юбораман, катта уйларимиз бўлади”, деб орзулар қиларди. Хўжайиним жуда яхши кўрарди. Тилларига солганми, айтардики: “Сайёрнинг қомати, бўй-басти яхши, ҳарбий қиламан!” Худди айтганларидай бўлди. Сайёрим отасининг айтганидан ҳам яхшироқ хизмат қилди Ватанимизга. Боламдан кўнглим тўқ эди, бошқача бола бўлган…

Хона тўрида турган суратларга термиламан, нигоҳлари ўткир, сўзлари кескир йигит гавдаланади хаёлимда. Ҳақиқий жангчи, қўлларида турган қурол ҳам гўё шундай паҳлавоннинг панжаларида эканидан мамнундек туйилади. Ёвқур жангчи-а, дейман ўзимга ўзим.

Сўнг яна Розия онанинг гапларига қулоқ тутаман:

– Мактабни тамомлагач, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кирди. Сирли йигит эди болам, хизмати ҳақида гап очмасди. Аввалбошда ҳарбий бўлишига қаршилик қилганим учун шунақа қилса керак, деб ўйлаганман. Кейин тушуниб етдим, ҳарбий сирларни ўзидан бошқага ишонмас экан, ҳатто менга ҳам. 1998 ёки 1999 йиллар “Ватанпарвар” газетасида чоп этилган мақолалардан бирида Сайёримни кўриб қолдим “Жасорат” медали билан тақдирланганини. Телефон қилдим. “Сайёр, сени Президентимиз тақдирлабди”, деб сабабини сўраганимда, яхши ўқиганим учун, деб қўйганди. Ҳайрон қолганман, ўқишда яхши ўқигани учун ҳам “Жасорат” медали берилармикан деб. Телевизорда кўрардим, ҳалок бўлганларга, бирор катта қаҳрамонлик кўрсатганларга беришини. Сайёрим 21 ёшида лейтенант бўлган мард, жасур, шу билан биргаликда меҳрибон йигит эди. Бирор инсоннинг кўнглини қолдирмасди, тоза, саришта юрарди, ҳамманинг назарига тушганди. Кучли эди ўғлим, ҳеч нарсадан қўрқмасди, мерганликка уқуви кўп эди. Қайсидир танловда мерганлик бўйича беллашувда қатнашиб, минг ҳарбий ичидан биринчиликни олган. Америкага бориб келди, бешта штатида бўлганман, деб айтиб берарди. Сайёр Чирчиқда яшаган, ўша ерда ҳам кўп расмлари, нарсалари бор. Портретларини ўртоқлари олиб кетарди эсдалик учун. Шундай қилиб, ўғлим қандай фаолият қилганини, қадр-қиммати қанчалик эканини ўшанда билдим. Таъзияда дўстлари гуруҳ-гуруҳ, батальон-батальон бўлиб келди, шунда ҳар биридан Сайёримнинг қанақа йигит эканини билганман. Улар айтардики, у гуруҳ командири бўлган пайтларда бировга сен шу ердан ўтишинг керак демас эди, ўзининг автоматини тепага кўтариб, сувдан ўтиш керакми, ботқоқликдан ўтиш керакми, ўзи кўрсатарди, кейин қўл остидагилар кўриб, унинг орқасидан ўтар эди. Кимдан эшитсангиз ҳам, кимдан сўрасангиз ҳам Сайёрим ҳақида ёниб гапиради.

Мен жим термиламан, альбомлардаги суратларга ва бехос альбом орасида унча эски бўлмаган болалар суратига кўзим тушади.

– Булар менинг Сайёрларим, – дейди Розия она. – Хонадонимизга йўқлаб келадиган дўстлари, ҳарбийларнинг Сайёр ҳақида фахрланиб гапришлари, унинг мардлиги, жасоратини қайта-қайта айтишларидан кўнглим таскин топади. Ўша пайтларда кўпчилик менга қўнғироқ қилиб ёки учрашганда “Ўғлимга Сайёр деб исм қўймоқчиман”, дерди. Уларнинг бу гапларидан хурсанд бўлардим. Сайёрларнинг соғлиғи, ўқишларидан хабар олиб турардим. Суратларини юборишларини сўраб, фарзандимдан фахрланиб ўтираман. Ҳозирда Сайёр исмли йигирмадан ортиқ болаларни биламан, уларнинг айримлари катта йигит бўлиб қолган. Ўзим ҳам набираларимдан бирига шу исмни қўйганман. Чирчиққа йўлим тушганида ўғлимнинг дўстининг хонадонида меҳмон бўлдим. “Аяжон, дўстимнинг хотираси доим дилимда, исми ҳам тилимдан тушмасин, деб набирангизга дўстимнинг исмини қўйганман, насиб қилса, уйлантирсам, ўзингиз бош-қош бўласиз”, дейди. Булардан бошим осмонга етгудай хурсанд бўламан. Шундай фарзанд тарбия қилганимдан ғурурланаман. Боламнинг қолган умрини шу йигитларга қўшиб беришини Худодан сўраб, дуо қиламан!

Суҳбатни якунлаб қайтар эканмиз, онахонга қўшилиб бир шарпа таъқиб этгандек бўлади. Ўйлайман, Сайёр Садиновнинг руҳи доим онасининг ёнида, Ватан хизматига шай турибди деб. Қаҳрамонлар ўлмайди. Улар қайсидир мард йигитнинг ҳаётида қайта-қайта юз кўрсатаверади.

Муҳаммадали ҒОФФОРОВ,

“Ватанпарвар” газетаси мухбири

Дўстларингизга ҳам юборинг: