Ҳиндистондаги террорчилик оқибатида 27 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистон шимолида жойлашган Жамму ва Кашмир минтақасида рўй берган террорчилик ҳужуми оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлган ва яна 12 киши тан жароҳати олган. Бу ҳақда NDTV телеканали ҳамда Greather Kashmir газетаси хабар берди.
Айтилишича, “Лашкар-и-Тайба” террористик гуруҳига алоқадор икки ёки уч нафар қуролланган шахс Баясаран водийсида саёҳат қилаётган туристларга ҳужум қилган. Натижада 27 нафар сайёҳ ўлдирилган.
Ҳужум вақтида омон қолган аёл PTI ахборот агентлигига берган интервюсида террорчилар ўқ отишни бошлашдан аввал унинг диний эътиқоди ҳақида сўрашганини айтган.
Хабарга кўра, хавфсизлик кучларининг қидирув ишларидан сўнг икки террорист йўқ қилиниб, террорчилардан катта миқдорда қурол-яроғ, ўқ-дорили омборлар топилган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди воқеа ортида турганлар жазога тортилишини ва терроризмга қарши кураш янада кучайтирилишини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев содир бўлган террорчилик ҳужуми муносабати билан Ҳиндистон Президенти Дроупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия билдирди.
“Давлат раҳбари фожиа оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, шунингдек, бутун Ҳиндистон халқига самимий ҳамдардлик изҳор этди ҳамда жароҳатланганларга тез фурсатда шифо тилади”, дея маълум қилди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.