Россия Афғонистон орқали Жанубий Осиёга чиқмоқчи

Россия Афғонистон орқали Жанубий Осиёга чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Известия» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, май ойида Қозонда ўтказиладиган “Россия – Ислом дунёси” форумида Афғонистон делегацияси ҳам ташриф буюради.
Форумда муҳокама қилинадиган лойиҳалар қаторида ТАПИ газ қувури (Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон) ва Трансафғон темирйўли мавжуд.
Хабарга кўра, лойиҳалар орқали Марказий Осиё давлатлари Афғонистон ҳудуди орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига бевосита чиқиш имкониятига эга бўлади.
ТАПИ қувури Туркманистон газини экспорт қилиш учун, ТАПИ-2 лойиҳаси Россиядан энергия ресурсларини етказиб бериш учун мўлжалланган. Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Қобулов, Афғонистоннинг бой табиий ресурслари ва стратегик жойлашуви уни Россия, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги муҳим транзит кўприкка айлантиришини ҳамда бу ҳолат минтақавий ҳамкорлик учун катта имкониятлар яратишини таъкидлади.
Шунингдек, форумда қуйидаги темирйўл лойиҳалари муҳокама қилинади:
Термиз – Наибобод – Логар – Харлачи;
Мозори Шариф – Ҳирот – Диларом – Қандаҳор – Чаман.
Уларнинг умумий узунлиги 573 км бўлиб, йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш қувватига эга.