Исроил махсус хизмати раҳбари Нетаняҳу ундан шахсий садоқат талаб қилганини айтди

Исроил махсус хизмати раҳбари Нетаняҳу ундан шахсий садоқат талаб қилганини айтди

Исроилнинг Умумий хавфсизлик хизмати (ШАБАК) раҳбари Ронен Бар бош вазир Бинямин Нетаняҳу ундан “шахсий садоқат” ва мамлакатда конституциявий инқироз юзага келган тақдирда Олий судга эмас, балки бевосита ўзига бўйсунишни талаб қилганини маълум қилди.

Март ойи охирида Нетаняҳу Барни лавозимидан бўшатди, бироқ Олий суд уни вақтинча ўз лавозимида қолдиришга қарор қилди. ШАБАК раҳбарининг таъкидлашича, уни айнан бош вазирга шахсий садоқат билдиришдан бош тортгани учун лавозимдан олишмоқчи. Нетаняху Барнинг сўзларини “ёлғон даъволар” деб атади.

Тhe Times of Israel’нинг ёзишича, Олий суд бош вазирдан Барнинг баёнотларига нисбатан расмий изоҳ тақдим этишни сўради. Бундан ташқари, ШАБАК 2023 йил 7 октябр куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужумга имкон яратган ҳукумат хатоларини ҳам тергов қилмоқда. Ронен Бар ШАБАКда ҳужум ҳақида Нетаняҳуга етказилмаган маълумотлар бўлган деган айбловларни рад этди.

Шунингдек, махсус хизмат Нетаняхунинг ишончли одамларининг Қатардаги эҳтимолий алоқаларини тергов қилмоқда.

«Миср ва АҚШ билан бир қаторда, Қатар ҳам ҲАМАС билан билвосита музокараларда иштирок этмоқда. Аммо айни пайтда Қатарга ҲАМАСни қўллаб-қувватловчи давлат сифатида қаралади», деб ёзмоқда DPA агентлиги.

Дўстларингизга ҳам юборинг: