Истанбулдаги зилзила: 200 дан ортиқ киши жабрланди, бинолар зарар кўрди…

Истанбулдаги зилзила: 200 дан ортиқ киши жабрланди, бинолар зарар кўрди…

Туркия Экология ва шаҳарсозлик вазири Мурат Курум маълум қилишича, Истанбулдаги зилзиладан сўнг ишонч телефонига биноларнинг таркибий шикастланиши ҳақида 378 та мурожаат келиб тушган, 12 та уйдан аҳоли кўчирилган.

 

«112 рақамига биноларнинг таркибий шикастланиши тўғрисида 378 та хабар келди. Бу Истанбулда 7,5 миллиондан ортиқ турар-жой мавжудлигини ҳисобга олганда. Биз зудлик билан текширувлар ўтказдик. Эҳтиёт чораси сифатида 12 та бинони, жумладан, Фотиҳ туманидаги ташландиқ бинони ҳам бўшатдик,» – деди Туркия вазири журналистларга мурожаат қилар экан.

 

Курумнинг қўшимча қилишича, кейинги тўрт кун ичида мутахассислар биноларни батафсил текширувдан ўтказади. Унинг айтишича, шу даврда фуқаролар хоҳласалар, жума кунигача дарс бўлмайдиган мактабларда вақтинчалик қолишлари ва тунашлари мумкин.

 

Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Камол Мемишоғлу Фавқулодда вазиятлар департаменти тезкор штабида хабар беришича, «зилзиладан сўнг жами 236 нафар фуқаромиз, асосан ваҳимага тушиб уйларидан сакраганлиги сабабли жароҳат олган. Уларнинг 173 нафари бевосита Истанбулда жароҳатланганлар.»

 

Вазир яна қўшимча қилдиким, жабрланганларнинг кўпчилигини касалхонага ётқизиш зарурати бўлмаган: «Уларга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилди.»

Дўстларингизга ҳам юборинг: