Грузияда давлат тўнтариши режалаштирилган эди

Грузияда 2024 йилда маълум доирадаги шахслар, жумладан, Украинадан келган грузиялик ёлланма аскарлар ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартиришни режалаштирган.
Бу ҳақда Грузия Давлат хавфсизлик хизматининг йиллик ҳисоботида айтилади.
Вазирлик маълумотларига кўра, парламент томонидан чет эл агентлари тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ва ҳукуматнинг 2024 йил 26 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларини сохталаштиришда айбланиши давлат тўнтариши учун баҳона бўлиши керак эди.
ДХХнинг қайд этишича, ҳаракатлар парламент ва нопарламент партиялар раҳбарлари, шунингдек, нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида хорижий молиялаштириш кўмагида мувофиқлаштирилган. Ҳисоботга кўра, мамлакатдан ташқарида бўлган Грузия фуқаролари, хусусан, Украинада жанг қилаётган грузин жангчиларининг бир қисми ҳам фаол иштирок этган.
Ҳисоботда алоҳида таъкидланишича, намойиш ташкилотчиларининг мақсади мамлакатдаги вазиятни «майданлаштириш» ва қурбонларга олиб келадиган тўқнашувларни келтириб чиқариш бўлган.