Россияликлар энди урушмоқчи эмас

Россияликлар энди урушмоқчи эмас

Украинадаги рус ҳарбийларининг деярли тўртдан уч қисми (72 фоизи) жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тарафдори. Буни мустақил социологлар гуруҳи ва «Верстка» нашри турли бўлинмаларнинг юздан ортиқ ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказган сўровнома кўрсатди. Тадқиқот натижаларига кўра, 22 фоизи «ғалаба» ва «мақсадларга эришиш» учун урушни давом эттиришга тайёр, яна 2 фоизи ҳалок бўлган ҳамкасблари учун қасос олишни хоҳлайди, 4 фоизи эса жавоб беришга қийналган.

 

Шу билан бирга, фронтда икки йилдан ортиқ вақт ўтказган «фахрийлар» орасида ўт очишни тўхтатиш тарафдорлари 57 фоизни, икки йилдан камроқ вақт олдин жанг майдонига кирган ҳарбийлар орасида эса 77 фоизни ташкил этади. Шунингдек, «фахрийлар»нинг 19 фоизи «ғалаба»га қадар жанг қилишга тайёр, яна 10 фоизи эса биринчи навбатда ҳалок бўлган ҳамкасблари учун қасос олишни истайди. Ҳарбийларнинг ярмидан кўпи (51 фоиз) Россия президенти Владимир Путиннинг «махсус операция мақсадларига» эришмасдан ҳам Украинадан қўшинларни олиб чиқиш қарорини қўллаб-қувватлашини айтди. Респондентларнинг 41 фоизи бундай истиқболга салбий муносабатда бўлган. Тадқиқот устида ишлаган социологнинг сўзларига кўра, муддатли ҳарбий хизматчилар орасида қўшинларни олиб чиқиб кетишни сўралганларнинг 67 фоизи, сафарбар қилинганлар, кўнгиллилар ва маҳбуслар орасида 53-56 фоизи, ҳарбий хизматчилар ва офицерлар орасида эса атиги 18 фоизи қўллаб-қувватлайди.

 

Сўров, шунингдек, ҳарбийлар Россия Украинага қандай мақсадларда бостириб кирганини турлича тушунишини кўрсатди. Сўралганларнинг фақат бешдан бир қисми (21 фоиз) Кремль томонидан расман эълон қилинган «демилитаризация» ва «денацификация» деб атади. Бироз кўпроқ – 22 фоиз – буларнинг барчаси коллектив Ғарб ва НАТОга қарши туриш учун қилинган деб ҳисоблайди. Ҳарбийларнинг яна 17 фоизи босқиннинг асосий мақсади сифатида Украинанинг Россияга тўлиқ қўшилишини кўрсатган. 14 фоизи Путин урушни Киевда ҳокимиятни ўзгартириш учун бошлаганига ишончи комил. Шу билан бирга, респондентларнинг 13 фоизи рус тилида сўзлашувчи аҳолини ҳимоя қилиш ва чегараларни ҳимоя қилишни, яна 2 фоизи ҳокимиятни ушлаб туришни, 2 фоизи эса бойишни мақсад қилган.

 

«Урушнинг мақсади Путиннинг рейтингини кўтариш эди, холос. Россияда йил саин аҳвол ёмонлашиб борарди. У ерда ракеталар қанчалик зўр бўлмасин, биз қанчалик зўр бўлмайлик ва ҳамма биз билан қандай ҳисоблашмасин, музлатгич телевизорни мағлуб этади,» – деди ҳарбийлардан бири.

 

Шунингдек, сўровда қатнашган ҳарбийларнинг ярмидан кўпи (51 фоиз) урушнинг олдини олиш мумкин эди, деб ҳисоблайди. 40% эса қарама-қарши фикрда. Ушбу саволга респондентларнинг 9 фоизи жавоб беришга қийналган.

 

Сўровнинг деярли барча иштирокчилари тинчлик музокараларини у ёки бу шаклда қўллаб-қувватладилар. Респондентларнинг атиги 15 фоизи бунга қарши чиқди. Уларнинг ярмидан сал кўпроғи (52 фоизи) Путиннинг музокаралардаги асосий мақсади босиб олинган ҳудудларни тан олиш эканига ишончи комил, яна 29 фоизи у Украинада ҳокимиятни ўзгартирмоқчи, 23 фоизи эса Украинанинг НАТОга қўшилишдан бош тортишини асосий вазифа деб атаган.

 

Музокаралар бошланганига қарамай, Россия ҳарбийларида урушнинг тез орада тугашига нисбатан оптимизм йўқ. Уларнинг ярмидан кўпи (54%) бир йил ёки ундан кўпроқ вақт ичида тугайди, деб ҳисоблайди. Можаро ярим йилдан кейин тугашига 34% ва ундан камроқ ишонади, 12% эса муддатларни айтишга қийналган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: