Трамп президентлигининг 100 кунида унинг рейтинги сўнгги 80 йилдаги президентлар орасидаги энг паст даражага тушди

Трамп президентлигининг 100 кунида унинг рейтинги сўнгги 80 йилдаги президентлар орасидаги энг паст даражага тушди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг давлат раҳбари сифатидаги дастлабки 100 куни якунларига кўра, америкаликларнинг 55 фоизи унинг фаолиятини салбий баҳолаган, фақатгина 39 фоизи унинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган. Бу Ipsos, АBC News телеканали ва The Washington Post газетаси томонидан 2464 нафар америкалик сайловчи ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларида қайд этилди.

«Аксарият америкаликлар президент ўз ваколатларини кенгайтиришга ҳаракат қилиб, давлат хизматчиларини ишдан бўшатиши, федерал агентликларни ёпиши ва сиёсий рақибларга қарши чоралар кўриши орқали “чегарадан ошиб кетмоқда”, деб ҳисоблайди», — дея изоҳ берди Тhe Washington Post.

Cўровнома қатнашчиларининг 67 фоизи Трампнинг яқинда фонд бозорида пасайишга олиб келган ҳаракатларидан норози бўлган, 64 фоизи хорижий давлатлар маҳсулотларига божлар жорий этилишини қўллаб-қувватламаган ва 61 фоизи Қўшма Штатларнинг ташқи сиёсатига танқидий муносабат билдирган. 40 фоиздан ортиқ одам шахсий молиявий аҳволининг ёмонлашганини таъкидлаган.

Трамп эса Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида сўровнома натижаларидан норозилигини билдирди.

«Бизнинг мамлакатимизда энди эркин ва адолатли матбуот йўқ. Бизда ёмон мақолалар ёзаётган ва сўровномаларни оммавий равишда сохталаштираётган матбуот бор», — деб ёзди президент.

Дўстларингизга ҳам юборинг: