Хитой шимоли-шарқидаги ресторанда содир бўлган ёнғин 22 нафар одамнинг ҳаётига зомин бўлди

Бу ҳақда “Синьхуа” давлат ахборот агентлиги хабар берди, бироқ ёнғиннинг сабаблари ошкор қилинмади.
«Хитой раҳбари Си Жинпин мазкур фожиани “жуда оғриқли” деб атади. У амалдорларга жабр кўрганларга зудлик билан ёрдам беришни, ёнғинга нима сабаб бўлганини аниқлашни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни топширди», деб ёзади Reuters.
Хитой Марказий телевидениясига (CCТV) кўра, ёнғин сешанба куни тушдан кейин Ляонин вилоятидаги Ляоян шаҳридаги тураржой ҳудудида жойлашган ресторанда бошланган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда биринчи қаватдаги рестораннинг витринасида аланга авж олгани ва ўнлаб машина ёниб кетгани акс этган.
Бу Хитойда сўнгги вақтларда содир бўлаётган шунга ўхшаш воқеалардан яна бири ҳисобланади. Жорий йил апрел ойида Хэбэй вилоятидаги кексалар уйида чиққан ёнғин оқибатида 20 киши ҳалок бўлган эди.