Зеленский Қримни Россияга беришга тайёр – Трамп

Зеленский Қримни Россияга беришга тайёр – Трамп

АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина етакчиси Владимир Зеленский Россия томонидан аннексия қилинган Қримдан воз кечишга тайёрлигига ишонишини айтди. Бу ҳақда у кеча, 27 апрель куни “Fox News” телеканали эфирида сўз очди.

 

“Ҳа, мен шундай деб ўйлайман”, деди Оқ уй раҳбари Зеленский яриморолдан “вос кечиш”га тайёрми, деган саволга жавобан.

 

Бу сўзлар Украина давлати раҳбарининг изоҳларига тўғридан тўғри зид келади.

 

Қайд этиш жоиз, 26 апрель куни Трамп Ватиканда Украина Президенти билан учрашган эди. Эртаси куни эса Ватикандан қайтаётган Трамп Россия Президенти Владимир Путиндан Украинада “ўқ узишни тўхтатиб”, тинчлик битимини имзолашини хоҳлаётганини айтди.

 

“Шартнома тузиш учун бизда шартлар борлигига ишонаман ва уни имзолашини истайман”, дейди у.

 

Трамп ва Зеленский 26 апрель куни Ватиканда музокара ўтказди; сиёсатчилар у ерга Рим папаси Францискнинг дафн маросимига келишди. Бу Украина раҳбарининг 28 февраль куни ташрифи чоғида Оқ уйда рўй берган жанжалдан кейин Украина ва АҚШ Президентларининг биринчи шахсий мулоқоти бўлди. Трамп бу сафар олдинги ҳодисани “кичик можаро” деб атади.

 

“Мен унинг гапларига қўшилмадим, камералар эса айлана бошлади”, деди Америка раҳбари.

 

Янги учрашув тахминан 15 дақиқа давом этди. Оқ уй буни “самарали”, Киев эса “жуда рамзий” дея таърифлаган.

 

Музокаралар олдидан Трампнинг Украинага нисбатан янги танқид тўлқини пайдо бўлди. АҚШ Президенти Зеленскийнинг аннексия қилинган Қримни Россия деб тан олишни истамаслиги ҳақида салбий гапирди – ОАВ хабарларига кўра, бу Трамп жамоаси томонидан тузилган тинчлик келишувининг бандларидан бири бўлган.

 

Ушбу мунозаралар фонида 24 апрель куни Россия Киевга навбатдаги йирик ҳужумни бошлади. АҚШ Президенти содир бўлган воқеа ҳақида кескин гапирди.

 

Ватиканда Зеленский билан учрашгандан сўнг, Трамп яна бир неча кун аввал Киевни бунда айблаган бўлса-да, Кремль тинчлик шартномасини имзолашдан бош тортса, унга санкциялар қўллаш билан таҳдид қилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: