Испания ва Португалияда электр таъминотидаги узилиш қуёш электр станцияси туфайли содир бўлган бўлиши мумкин

Бу ҳақда DW нашри хабар бермоқда.
Буни Испаниянинг Red Eléctrica электр тармоқлари оператори вакили Эдуардо Прието маълум қилди. Унинг айтишича, Испания жануби-ғарбида кучланишнинг кескин пасайиши электр таъминоти тизимига зарар етказган, бу эса беқарорликка ва Франция тармоғидан узилишга олиб келган.
«Red Eléctrica бошқарув тизимига ҳодисага сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳеч қандай киберҳужум бўлмаган», – деди Прието.
У, бунга қуёш электр стансияцидаги носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди, бироқ бу ҳақда хулоса чиқаришга ҳали эрта эканлигини таъкидлади.
Португалия ҳукумати ҳам киберҳужум эҳтимолини рад этди. «Ҳозирги вақтда Португалияда киберҳужум ҳаракатлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз», – дея таъкидлади Португалия ҳукумати вакили Антониу Лейтан Амару.
Португалиянинг REN энергетика тизими оператори фавқулодда ҳодисага нодир атмосфера ҳодисаси сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни рад этди.
Ҳозирги вақтда Испания ва Португалияда телефон алоқаси ва интернет хизмати қайта тикланди, деярли барча хонадонларда электр таъминоти қайта йўлга қўйилди, поездлар ҳаракати тикланди, дўконлар иш фаолиятини бошлади, ходимлар эса ўз иш жойларига қайтишди.