Ўзбекистонда ногиронлиги бор болалар учун имтиёзли такси хизмати йўлга қўйилди

Тошкент, Самарқанд ва Андижон шаҳарларида ногиронлиги бор болаларни мактабга олиб бориш учун имтиёзли такси хизмати синов тарзида йўлга қўйилди. Лойиҳа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (ИҲМА) ва Yandex Uzbekistan ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Gazeta.uz’нинг маълум қилишича, такси хизмати махсус мактаб ва мактаб-интернатларда таҳсил олаётган болалар учун мўлжалланган. Бу учун давлат ойига 450 минг сўмгача транспорт харажатларини қоплаб беради. Компенсация ҳажми белгиланган имтиёзларга қараб саёҳат нархининг 60 ёки 100 фоизини ташкил қилиши мумкин.
Буюртмалар Yandex Go иловаси орқали “Комфорт” тарифи асосида амалга оширилади. Иловада ногиронлар аравачасидаги фойдаланувчилар учун махсус белги, ҳайдовчидан ёрдам сўраш имконияти ҳам мавжуд, дейилади нашр хабарида.
Компаниянинг маълум қилишича, Yandex Go бу хизматдан даромад олмайди, давлат маблағлари тўғридан-тўғри ҳайдовчиларга тўланади. Лойиҳада эса кўриш, ҳаракат ва ақлий имкониятлари чекланган болаларгина иштирок этади.
Мазкур ташаббус 2024 йил ноябрида Тошкент шаҳрида ишга туширилган “Ижтимоий такси” лойиҳасининг давоми ҳисобланади.