Ҳиндистон Покистон маҳсулотлари импорти ва транзитига тақиқ жорий этди

Ҳиндистон Ташқи савдо бош бошқармаси расмий қарори асосида Покистондан товарлар импорти ва транзитига нисбатан зудлик билан кучга кирувчи тақиқ жорий этилди. Бу ҳақда РИА новости нашри хабар берди.
Айтилишича, ушбу чоралар миллий хавфсизлик ва давлат сиёсати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган бўлиб, улар кейинги расмий билдиришларгача амал қилади.
Расмий баёнотда қайд этилишича, “Покистонда ишлаб чиқарилган ёки у ердан экспорт қилинган барча товарларнинг тўғридан-тўғри ёки билвосита импорти ҳамда транзити, уларнинг илгари эркин ёки рухсат этилган тоифадалигидан қатъи назар, дарҳол тақиқланади. Ҳар қандай истиснолар фақат Ҳиндистон ҳукумати томонидан олдиндан берилган рухсат асосида амалга оширилиши мумкин”.
Ушбу чоралар шу йилнинг 22 апрел куни Жамму ва Кашмир ҳудудида юз берган қуролли ҳужумдан сўнг эълон қилинди. Амалга оширилган террорчилик ҳаракати оқибатида 26 нафар Ҳиндистон фуқароси ва бир нафар Непал фуқароси ҳалок бўлган.