Матбуот эркинлиги бўйича дунё бўйлаб тарихий паст кўрсаткич қайд этилди

Матбуот эркинлиги бўйича дунё бўйлаб тарихий паст кўрсаткич қайд этилди

“Чегара билмас мухбирлар” (RSF ) ташкилотининг 2025 йилги йиллик ҳисоботида айтилишича, дунё бўйича матбуот эркинлиги тарихдаги энг паст даражага тушиб кетган.

 

Ҳисоботда 180 давлатдаги оммавий ахборот воситаларининг ҳолати сиёсий муҳит, ҳуқуқий асос, иқтисодий шароит, ижтимоий-маданий омиллар ва хавфсизлик мезонлари асосида баҳоланган.

 

Натижаларга кўра, 160 мамлакатда ОАВлар барқарор фаолият юрита олмаяпти ёки оғир шароитда ишламоқда. Қарийб учдан бир давлатда иқтисодий босим ва расмий тўсиқлар сабаб бир қанча нашрлар ёпилган. 46 мамлакатда эса матбуот фақат бой элитага хизмат қилмоқда — Россия ҳам бу рўйхатда қайд этилган.

 

Россия 2025 йилда 171-ўринга тушиб, рейтингда энг ёмон натижаларни кўрсатган давлатлардан бирига айланган (24,57 балл). У Миср ва Никарагуа билан бир қаторда турибди.

 

Постсовет ҳудудида энг оғир ҳолат Туркманситонда кузатилмоқда — мамлакат 174-ўринни эгаллаган (19,14 балл). Ундан паст фақат Афғонистон, Эрон, Сурия, Хитой, Шимолий Корея ва Эритрея жойлашган.

 

Марказий Осиёдаги ҳолат ҳам ижобий эмас:

 

Ўзбекистон — 148-ўрин (35,24 балл)

Тожикистон — 153-ўрин (32,21 балл)

Қирғизистон — 144-ўрин (37,46 балл)

Қозоғистон — 141-ўрин (39,34 балл)

 

Беларус (166-ўрин) ва Озарбайжон (167-ўрин) Россиядан бир оз юқорида жойлашган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: