Тошкентда мактаб директори ўқувчининг сочини мажбурлаб калга олдирди

Тошкентда мактаб директори ўқувчининг сочини мажбурлаб калга олдирди

Қайд этилишича, ҳолат 2025 йилнинг 28 апрель куни “Sharjah school” хусусий мактабида содир бўлган.

Маълумотларга кўра, 7-синф ўқувчиси Ж.Г. сочини олдириш ҳақида мактаб маъмурияти томонидан бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, мактаб ички тартиб-қоидаларига бўйсунмаган ҳолда сочлари ўсган ҳолда келишни давом эттирган. 2025 йил 27 апрель куни ўқувчининг ота-онаси мактабга чақиртирилган ва улар билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Суҳбат давомида ўқувчининг ота-онаси томонидан эртага фарзанди мактабга сочи олинган ҳолда келиши, акс ҳолда унинг сочини олишга оғзаки розилик билдиришган.

 

Эртасига, яъни, 28 апрель куни ўқувчи Ж.Г. мактабга сочининг икки ён томони олингани, лекин олди томони олинмаган ҳолда келганлиги маълум бўлган. Шундан сўнг, мактаб директори Д.М. таэквондо мураббийи Д.А. га ўқувчи Ж.Г. нинг сочини олиш бўйича топшириқ берган.

 

Бундан норози бўлган ўқувчининг ота-онаси жорий йилнинг 29 апрель куни мактабга шикоят қилиб келишган. Шу куни мактаб директори Д.М., мактаб психологи М.Ф., таэквондо мураббийи Д.А. лар ўқувчи Ж.Г. нинг уйига бориб, содир бўлган ҳолат юзасидан ўқувчи ва унинг ота-онасидан узр сўраган. Мактаб психологи томонидан ўқувчи Ж.Г. билан суҳбат ўтказилган.

 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: