Еврокомиссия Россия газидан тўлиқ воз кечиш режасини тақдим этди

Еврокомиссиянинг энергетика бўйича вакили Дан Йоргенсен олдин икки марта кечиктирилган “йўл харитаси”ни эълон қилди. У бир ой ичида Россия билан янги газ шартномаларини тузишни тақиқловчи қонунчилик таклифларини тақдим этишга ваъда берди.
Қайд этилишича, қисқа муддатли газ харидлари 2025 йил охиригача, узоқ муддатли шартномалар эса 2027 йил охиригача тўхтатилиши керак. Бу ҳам Россиядан қувур орқали етказиладиган, ҳам денгиз орқали танкерларда олиб келинадиган суюлтирилган газга тааллуқли.
Еврокомиссия маълумотларига кўра, 2025 йил охиригача Евроиттифоқ Россия газини импорт қилишни учдан бир қисмга камайтиради. Ҳозирда Россия гази ЕИ газ импортининг 13 фоизини ташкил қилмоқда. Украинага кенг кўламли босқин бошланишидан олдин бу кўрсаткич 45 фоизга етган эди.
Еврокомиссия, шунингдек, аъзо давлатларга Россиядан уран ва ядровий ёқилғи харид қилишни тақиқлашни таклиф қилди. “Евроатом” Россия билан янги шартномаларни тасдиқлашни тўхтатади.