Албанияда бир палатали парламентга сайловлар бўлиб ўтмоқда — DW

Албанияда бир палатали парламентга сайловлар бўлиб ўтмоқда — DW

Ушбу сайловлар Болқон давлатининг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши йўлида муҳим синов сифатида қаралади. Сайловолди сўровномаларига кўра, фаворит сифатида 49 фоиз овоз билан Социалистик партия кўрилмоқда.

Унинг етакчиси, амалдаги ҳукумат раҳбари Эди Рама қайта сайланишига умид қилмоқда. 2013 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган 60 ёшли сиёсатчи мамлакатни 2030 йилгача Европа Иттифоқига қўшиш бўйича ҳаракатларни давом эттириш ниятида эканини эълон қилган.

Раманинг асосий рақиби — Албаниянинг собиқ президенти ва собиқ бош вазири, Демократик партия етакчиси Сали Бериша. У 12 йиллик мухолифатдаги фаолиятидан сўнг ҳокимиятга қайтишга интилмоқда. 80 ёшли консерватор “Буюк Албания” шиори билан сайловларда иштирок этаётган мухолифат иттифоқига раҳбарлик қилмоқда. Бу шиор кўп жиҳатдан Трампнинг сайловолди кампаниясини эслатади. Мамлакатдаги дастлабки сўровномалар ушбу партияни тахминан 35 фоиз албанлар қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Бериша коррупция билан боғлиқ айбловлар сабабли Албания адлия органларининг диққат марказида турибди. 2021 йилда АҚШ унга порахўрлик ва ноқонуний бойлик орттиришда гумон қилиниб санкциялар жорий қилган эди.

Сайловларнинг дастлабки натижалари 13 майдан кечиктирмай эълон қилиниши кутилмоқда. Бу галги овоз беришда илк бор чет элдаги тахминан 246 минг сайловчи масофадан туриб иштирок этмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: