Трамп Сурияга қарши санкцияларни юмшатиши мумкин

Маълум қилинишича, Сурия ҳукумати АҚШга табиий ресурслардан фойдаланишга оид келишув таклиф этган. Бу таклиф Украина билан тузилган шунга ўхшаш битимга ўхшаш бўлиб, унинг эвазига Дамашқ АҚШдан санкцияларни олиб ташлашни сўрамоқда.
Маълумотларга кўра, Суриянинг вақтинчалик президенти Аҳмад аш-Шаара орқали юборилган таклифда, ҳатто Дамашқда Трамп Товер қурилиши эҳтимоли ҳам тилга олинган.
Хабарларга кўра, АҚШ расмийлари Доналд Трампнинг Саудия Арабистонига сафари доирасида аш-Шаара билан учрашувни кўриб чиққан, бироқ 12 май куни кечга яқин бу учрашув бекор қилингани эълон қилинган. Учрашувга АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Тулси Габбард қарши чиққани айтилмоқда.
Трамп Саудия Арабистонига йўл олишидан аввал Оқ уйда ўтказилган брифингда Сурияга нисбатан санкциялар юмшатилиши мумкинлигини истисно қилмаган.
«Биз бу борада қарор қабул қилишимиз керак бўлади. Сурияга янги имконият беришни истаймиз, шу сабабли санкцияларни бекор қилиш эҳтимоли мавжуд», — деган АҚШ президенти.
Унинг айтишича, санкцияларни юмшатиш масаласи Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан кўтарилган.