Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни кенгайтирмоқда — Сенат икки муҳим битимни кўриб чиқди

Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни кенгайтирмоқда — Сенат икки муҳим битимни кўриб чиқди

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎЗА хабар берди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2024 йил 27 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун атрофлича муҳокама қилинди.

Битимда икки давлат ўртасида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, ҳар икки давлат фуқароларини бир-бирининг ҳудудида тенг ҳуқуқий ҳимоя билан таъминлаш ҳамда фуқаролик ва иқтисодий масалалар юзасидан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини яратиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, фуқаролар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш, суд ҳужжатларини тан олиш ва ижро этиш каби масалалар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби мавжуд.

Сенаторлар Битимнинг ратификация қилиниши икки мамлакат ўртасида фуқаролик ва иқтисодий соҳаларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини қайд этди.

Мажлисда “Туркий давлатлар ташкилотининг Фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2024 йил 6 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Битимда ташкилотга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, табиий офатлар вақтида тезкор қидирув-қутқарув ишларини мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги мониторинг, таҳлиллар натижаларини ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини тизимлаштириш ҳамда ўзаро ёрдам ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш каби масалаларнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари белгиланган.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик чораларини янада самарали ташкил қилишда, табиий офатлар оқибатида юзага келадиган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишда ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашда давлатлараро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка замин бўлади.

Сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг доимий комиссиялари аъзолари, мутахассис ва экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: