Чинозда ҳоким талабини бажармаган тадбиркорларга тегишли корхоналар электр токидан узиб қўйилаётгани айтилди

Чинозда ҳоким талабини бажармаган тадбиркорларга тегишли корхоналар электр токидан узиб қўйилаётгани айтилди

Ижтимоий тармоқларда Чиноз тумани ҳокими ноқонуний талабларни бажармаган тадбиркорларга тегишли корхоналарни электр токидан узиб қўяётгани тўғрисида танқидий материал тарқалди

Мурожаатда келтирилган Чиноз туманидаги “Biryuza group” МЧЖ ва “Халқ банки” филиали атрофидаги вазият тегишли мутасаддилар иштирокида ўрганилди. Туман ҳокимлиги томонидан жорий йил 10 февралда “Чиноз шаҳарчасини ободонлаштириш, йўл ёқасидаги объектларни тартибга келтириш ҳамда ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича назорат режа”си тасдиқланган.

Ушбу режа асосида йўлларни кенгайтириш, пиёдалар йўлакларини қуриш, яшил ҳудудларни яратиш, юқори кучланишли тармоқларни модернизация қилиш, ёритиш тизимларини янгилаш каби муҳим ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Мазкур доирадаги тадбирлар Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган оқова сув тизимини қуриш ва реконструкция қилиш билан биргаликда олиб борилмоқда. Қайд этиш жоизки, қурилиш ва реконструкция жараёнида хавфсизликни таъминлаш мақсадида электр таъминоти вақти-вақти билан ўчирилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, “Biryuza group” МЧЖ Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида рўйхатдан ўтган бўлиб, солиқларни ҳам ушбу ҳудудда тўлайди. Чиноз туманида ушбу корхона оғзаки келишув асосида ижарага олинган талаб даражасида бўлмаган бинода фаолият юритган.

Корхонанинг электр таъминоти ободонлаштириш ишлари доирасида режалаштирилган таъмирлаш сабабли вақтинча тўхтатилган. Бу бошқа тадбиркорлик субъектларига ҳам таъсир қилган.

Мурожаатдаги “Халқ банки” филиалининг электр таъминоти ҳам таъмирлаш ишлари сабабли вақтинча тўхтатилган. Ўрганишлар давомида филиал томонидан “Пайнет” шохобчасига электр таъминоти ноқонуний равишда улангани аниқланди. Электр таъминоти 8 май куни эрталаб соат 09:00да қайта тикланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: