Сурия банкнотларини БАА ва Германияда чоп этишни режалаштирмоқда

Агентлик манбасига кўра, Сурия расмийлари банкнотларни босиб чиқаришни БАА ва Германияга кўчириш имкониятларини маълум вақтдан бери ўрганмоқда. Мамлакат миллий валютаси ўн йилдан кўпроқ вақт давомида Россияда босиб келинган. Европа Иттифоқи феврал ойида Дамашққа қарши санкцияларни юмшатганидан сўнг расмийларнинг бу йўналишдаги ҳаракатлари кучайган.
Хабар қилинишича, икки немис компанияси аллақачон Сурия фунтларини чоп этишга қизиқиш билдирган. Улар давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган Bundesdruckerei ва Giesecke+Devrient хусусий корхоналаридир.
Суриянинг янги маъмурияти, шунингдек, банкнотлардан собиқ президент Башар Асад портретини олиб ташлаб, Сурия фунтининг дизайнини ўзгартиришни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, Россия 2012 йилдан Сурия банкнотларини чоп этишни бошлаган. Бундан олдин Сурия фунтларини босиб чиқариш Австрия компанияси томонидан амалга ошириларди. Шартнома Европа Иттифоқининг Суриядаги фуқаролар уруши ортидан киритган санкциялари туфайли бекор қилинган.